Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.09.2017 20:58 Чоп этиш версияси

Жиноятларнинг олди олинмоқда

Пайшанба куни ўтказилаётган профилактика тадбирлари жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тинчлик-осойишталикни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси томонидан ўтказилган навбатдаги брифингда пойтахтимизда сўнгги ҳафтада содир этилган жиноятлар, уларнинг сабаблари таҳлил этилди.

Жорий йилнинг 7 сентябридан 14 сентябрига қадар пойтахтимизда содир этилган 15 жиноят тезкорлик билан фош қилинган. 53 та қидирувда бўлган шахс қўлга олинган. Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида бедарак йўқолган 6 шахс аниқланиб, яшаш манзилига қайтарилган.

Муқаддам ўғирлик ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятлари учун судланган Ш.Маҳкамов яна жиноятга қўл урган. У жорий йил 13 сентябрь куни Юнусобод-4 мавзесида қаровсиз қолдирилган “Нексия-2” русумли автомашинани олиб қочган. Машинани Аҳмад Дониш кўчасида бетон тўсиққа уриб, салон ичида автомашина эгасига тегишли уяли телефон аппарати ва сумкани олиб, воқеа жойидан яширинган.

Ш.Маҳкамов ўз жиноий ишини давом этириб, Юнусобод тумани ҳудудида Ф.Солиевага тан жароҳати етказиб, унинг бошқарувидаги “Кобальт” русумли автомашинасини олиб қочган ва Шайхонтоҳур туманидаги “Осиё Гранд” меҳмонхонаси олдида йўлни ажратиб турувчи бетон тўсиққа урган, автомашина эса ёниб кетган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Юнусобод тумани ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва Ш.Маҳкамовнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

2017 йил 5 сентябрь куни Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида муқаддам судланган А.Орипов фуқаро Ф.Саломованинг бўйнидаги тилла занжирни талончилик йўли билан эгаллаб, яширинган вақтда ички ишлар ходимлари томонидан далилий ашё билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, А.Ориповга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

Брифингда шунингдек, гиёҳвандлик воситалари билан савдо қилиш, жамоат жойларида спиртли ичимлик истеъмол қилганлик, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик содир этганлик, фуқаролар томонидан паспорт қоидаларига риоя этмаслик каби ҳолатлар юзасидан содир этилган жиноятлар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилгани ҳақида маълумот берилди.

Даврон Суннатов, ЎзА
3 198






Все о погоде - Pogoda.uz