Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.08.2017 20:35 Чоп этиш версияси

Жиноятга жазо муқаррар

Орамизда нафақат ўзи, оиласи, балки юртига наф келтираётганлар кўплиги туфайли юртимиз тобора равнақ топмоқда. Лекин гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, шундайлар ҳам борки, уларнинг қилмишларини эшитиб ёқа ушлайди киши.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида яшовчи А исмли фуқаро турмуш ўртоғи билан ўзаро жанжаллашаётганда уларни ажратмоқчи бўлган ўғлининг кўкрак қисмига пичоқ санчган. Ажал билан олишган ўсмирнинг ҳаётини яхшиямки шифокорлар сақлаб қолди.

Ўтган ҳафтада мана шундай жиноятлар, яъни қасддан баданга жароҳат етказиш, ўғирлик, фирибгарлик, қотиллик, босқинчилик, талончилик, номусга тегиш, безорилик, наркотик моддалар билан боғлиқ  ҳодисаси содир бўлган.

ЎзА мухбирига Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматидан хабар қилишларича, ўтган ҳафта давомида мамлакатимизда 735 жиноят содир этилган.

Жиноятлар тафсилотлари Ички ишлар вазирлигининг тегишли соҳавий хизматлари раҳбарлари, вилоятлар ИИБлари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ва соҳавий хизматлари раҳбарлари, туман-шаҳарлар ИИБ бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, жиноят содир этилган ҳудудга бириктирилган профилактика инспекторлари иштирокида батафсил муҳокама қилинди.

Содир этилган жиноятлар бўйича тузилган тезкор-тергов гуруҳлари фаолияти натижасида 623 жиноят “изи йўқолмасдан”  сутка давомида фош этилди. Жиноятларни содир этган 1 минг 24 нафар шахс, шу жумладан, ишсиз, муқаддам судланган, вояга етмаган шахслар, шунингдек, 80 жиноий гуруҳ аниқланди.

Илгари содир этилиб очилмасдан қолган 91 жиноят, шу жумладан, 2 та қотиллик, талончилик ва транспорт воситасини олиб қочиш, 6 фирибгарлик, 76 ўғирлик ва бошқа турдаги жиноятлар фош этилди.

Жиноятларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ҳафта давомида қайд этилган қотилликларнинг 6 таси оила-турмуш муносабатлари доирасида, қариндошлар ўртасидаги келишмовчиликларга барҳам берилмаганлиги оқибатида Учқўрғон, Қарши, Чироқчи, Бекобод ва Бағдод туманларида содир этилишига йўл қўйилган.

Шунингдек, қотиллик жиноятларининг 5 таси жойлардаги профилактика инспектори ва маҳалла фаоллари томонидан аҳолининг турмуш шароитларини ўрганишда қўшнилар ўртасидаги муносабатлар ва ўзаро келишмовчиликларга аҳамият берилмаганлиги ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмаганлиги сабабли содир этилишига йўл қўйилган.

ИИВ матбуот хизмати раҳбари Тўлаган Абдуллаевнинг айтишича, ҳудудларда тезкор вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятлар “изи йўқолмасдан” фош этилишини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, ҳар бир ҳудудга раҳбар ходимларни масъул этиб бириктирган ҳолда кучайтирилган тунги хизмат ташкил этилган. Ушбу тадбир вазирлик раҳбариятининг алоҳида назоратига олинган ҳолда давом эттирилмоқда.

Норгул Абдураимова, ЎзА
2 143






Все о погоде - Pogoda.uz