Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.10.2017 15:39 Чоп этиш версияси

МИБ ходимларининг огоҳлантиришларига қарамай фуқаро жаримани тўламаган, оқибатда...

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа ва Чилонзор туманлари судлари ҳамда Республика Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар Учтепа тумани бўлими ҳамкорлигида жарималарнинг ундирувлари бўйича сайёр суд мажлиси ўтказилди. Унда жарималарни тўлашдан бўйин товлаган бир неча фуқаронинг иши кўриб чиқилди.

Мамлакатимизда суд тизимини тубдан ислоҳ қилиш, судни адолат қўрғонига айлантириш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида ташкил этилган Мажбурий ижро бюроси бўлимлари томонидан жарималарни ундириш борасида изчил чоралар кўрилмоқда. Хусусан, жарималарни тўлашдан бўйин товлаган шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда судларга тақдимномалар киритилиб, суд томонидан аввал тайинланган жазонинг жарима тўлаш тури бошқа оғирроқ жазо турига алмаштирилмоқда.

Учтепа туманида истиқомат қилувчи фуқаро Комилжон Нормуҳамедовга Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Оҳангарон тумани судининг 2016 йил 3 июндаги ҳукми билан икки йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 350 баравари миқдорида, яъни 45 миллион 584 минг жарима тўлаш жазоси тайинланган эди. Туман Мажбурий ижро бўлими ходимлари томонидан берилган огоҳлантиришларга қарамай фуқаро томонидан ушбу жарима шу кунгача тўланмаган. Унинг номида ундирувга қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки йўқлиги сабабли жаримани мажбурий ундиришнинг имкони бўлмаган.

Жарима тўланмаганлиги туфайли сайёр суд томонидан фуқаро К.Нормуҳамедовга тайинланган жазо Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан 1 йилу 7 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига алмаштирилди.

1986 йилда туғилган, оилали, вояга етмаган икки фарзанди бор Рустам Абдураҳимовга Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Зангиота тумани судининг 2017 йил 16 майдаги ҳукми билан энг кам ойлик иш ҳақининг 75 баравари миқдорида, яъни 11 миллион 233 минг 125 сўм жарима тўлаш жазоси тайинланган эди.

Суд залида фуқаро моддий қийинчилик туфайли суд томонидан тайинланган жаримани тўлай олмагани, ҳозир ҳам жарима жазосини тўлаш имконияти йўқлигини маълум қилди. Туман Мажбурий ижро бўлими ходимларининг таъкидлашича, унинг номида ундирувга қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки йўқлиги сабабли жаримани мажбурий ундиришнинг имкони бўлмаган.

Жарима тўланмаганлиги туфайли сайёр суд томонидан фуқаро Р.Абдураҳимовга тайинланган жазо Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан 4 ойу 6 кун муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига алмаштирилди.

Ўтказилган суд мажлиси давомида жарима жазоси тайинланган баъзи фуқаролар белгиланган тартибда ўз жарималарини тўлади.

Мамлакатимизда қонун устувор экани ва ҳар бир жиноятга жазо муқаррарлигини ҳеч бир фуқаро унутмаслиги лозим.

Нурилло Насриев, ЎзА
2 313






Все о погоде - Pogoda.uz