ЎзА Ўзбек

02.08.2018 18:22 Чоп этиш версияси

Жиноятга ундаган сабаблар бисёр

Жиноят ҳақиқати ва адолат

(Исм-шарифлар ўзгартирилган. Ҳар қандай ўхшашлик тасодифдир)

...Асатилла ҳар доим ёстиғи тагида турадиган ошхона пичоғини олди-ю Алининг дуч келган жойига қаттиқ-қаттиқ санчди. Шу пайтда унинг кўзига ҳеч нарса кўринмаётган эди. Ўзини англаганида эса ерда қонига беланиб ётган, ўлим ва ҳаёт ўртасида турган Али оғриқдан азоб чекарди.

Самарқанд вилояти Жиноят ишлари бўйича Ургут тумани суди Асатилла Ҳамидовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25- ва 97-моддасининг 1-қисми билан айбдор, деб топиб, 7 йилга озодликдан маҳрум этди.

Бу муддат бир боланинг еттига кириб, дунёни тўлиқ англай бошлаган, ҳарф таниб, “ота-она” деб ёза бошлашига тўғри келади. А.Ҳамидовнинг агар етти ёшли ўғли бўлса, у ўсмирликка етганида отасининг меҳрига етишади. Унгача-чи? Ота меҳри, унинг ўгити, кези келганда беозор қаҳри ҳам ундан йироқ бўлади, дегани. Бу муддат оз эмас.

Аслида воқеа қандай бўлган эди? Жиноятнинг асл сабаби, уни келтириб чиқарган омиллар қандай?

Қиз ўстириш осон эмас, унинг шаънини асраш унданда қийин

Қайсики оилада қиз туғилса, ота-она уни яхши ният билан оқ ювиб оқ тарар экан, “қиз бола бировнинг хасми” деб билади. Уни келажакда ўз эгасига топшириб, ота-оналик вазифасини ўз вақтида бажарсам дейди.

А.Ҳамидовнинг ҳам уч фарзандидан иккитаси қиз. Уларнинг орзу-ҳаваслари ҳам юксак ва беғубор. Турмуш ўртоғи билан уларнинг роҳатини кўришни, ўз вақтида юзи ёруғ бўлиб оила қуришини истаган. Унинг шаъни, ор-номусини асраш ота-онанинг бурчи.

Бир муддат А.Ҳамидов билан улфатчилик қилиб, гўёки бир-бирининг иссиқ-совуғидан хабар олиб, ўзини яқин сирдош қилиб кўрсатиб юрган Али Файзиевнинг кунлар ўтиб “совуқ” қилиқлари чиқа бошлади. Спиртли ичимлик истеъмол қилиб ушбу хонадонга, эшикни тақиллатмай, сўрамай-нетмай кириб келадиган, турли ҳақоратли сўзларни айтадиган, қизлари шаънига мос келмайдиган гап-сўзлар қиладиган одат чиқарди. Хонадон эгаларининг гапига кирмай, қизлар ётоқхонасига кириш, уларни ҳақорат қилиш даражасига етди. Бир неча бор огоҳлантиришларга қарамасдан, у бунга эътибор бермади.

Бир хонадон эгасининг ишончига кириб, сўнг уни суиисътемол қилиш, номақбул хатти-ҳаракатларни оқлаш мумкинми?

Оиланинг тинчлиги, шаънига рахна солиш инсоннинг иши эмас. Унинг феъл-атворидаги қусурларнинг намоён бўлаётгани оиладаги тарбия, ижтимоий муҳитнинг носоғломлиги, атрофдагиларнинг эътиборсизлиги оқибатидир. А.Файзиевнинг безовта қилаётганини айтиб, оиласидагилар огоҳлантирилганида ҳам, қўни-қўшнилар унинг хатти-ҳаракатларига гувоҳ бўлганида ҳам ҳеч ким унга танбеҳ бермади. Уни ўртага олиб, бу ишлари хато эканини уқтирмади. “Ёмоннинг бир қилиғи ортиқча”, деганларидек, унинг хурмача қилиқлари кундан-кунга ортаверди.

Ўлим ва ҳаёт ораси бир лаҳза

Ароқнинг ўзи оқ, қилмиши қора, дейдилар. Али ҳам ичкиликни кўрганида “ипини узадиганлардан”. Натижада ўзини ҳам, сўзини ҳам назорат қила олмай қолади. Жиноят содир бўлган кунда ҳам у маст ҳолда бўлган ва ушбу хонадон эгаларининг нафсониятига тегадиган сўзларни айтиб, ўзини назорат қила олмаган.

...2018 йил 9 апрель кечки соат 21:30 атрофи. Ҳамма ўз иши билан банд. А.Ҳамидов чарчаганини айтиб уйқуга ётди.

Кўп ўтмай “эски таниш” яна эшикдан мўралади. Унинг бу ишларидан безиб кетган хонадон эгаси қўрқитиб қўйиш мақсадида ёстиғи остидаги пичоқни олиб унга яқинлашди. Шунда у “Ярим соатдан кейин уйинг портлайди, Асатилла”, деб бақирди. Сўнг куч билан уй ичига киришга уринди. Унинг ҳар доимги қилиғидан чарчаган Асатилла унинг билагидан куч билан тортган ва жаҳл билан дуч келган жойига тиғ қадаган. Жаҳл кўзларини кўр қилган фуқаро бир инсон ҳаётига хавф соладиган даражада тан жароҳати етказган.

Унинг важоҳатини кўрган аёли ва фарзандлари ўртага тушди. Тез тиббий ёрдам чақирилди. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида оғир тан жароҳати олган А.Файзиев омон қолди.

Жиноятчи битта, аммо уни бу ишга мажбур этган омиллар бисёр

Шундан сўнг, тергов бошланди, суриштирилди. Ким айбдор, бу ишнинг сабаби нималиги сўралди.

Асатилла Ҳамидов ўз ишидан пушаймонлиги, қилган иши хато эканини, бундан тўғри хулоса чиқарганини тан олди. У ўз қилмишини “қизларимнинг шаъни учун қилдим”, деб оқлади.

Тўғри, у қасддан одам ўлдиришга уринди. Аммо “Қарс икки қўлдан чиқади”, дейди халқимиз. Бу иш шунчаки ўз-ўзидан содир бўлмаган-ку. Унинг сабабчиси икки киши эмасми? Етти йил умрини маҳбусликда ўтказадиган отанинг фарзандлари, ҳимоя қилган оиласи энди кимга қолди? Жиноятга ундаган сабаб оила шаънини асраш эди-ку.

Унинг олисдалиги, фарзандларини ҳимоя эта олмаслиги ҳисобга олинса, бировнинг хонадонига зўрлик билан киришга уринадиган, ҳақоратлаб ўзи билганича иш тутадиган Али кабиларга кенг йўл очилмайдими?

Инсон қадри улуғ. Унинг хавфсизлиги, ҳақ-ҳуқуқлари, манфаатлари арз қилмаган тақдирида ҳам давлат ҳимоясидадир. Шундай экан, ҳар бир жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилганда, кимнидир айбли деб топишдан олдин ушбу фуқаронинг ҳам ҳуқуқларини ҳимоя этиш муҳимдир.

Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди. Уни шу йўлга киришга мажбур этадиган сабаблар аниқланса бас. Шундагина жиноятлар ва жиноятчилар камайиши учун самарали ҳаракат қилиш мумкин.

Барно Мелиқулова, ЎзА
7 739