Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

08.08.2018 16:37 Чоп этиш версияси

“Танка” абитуриентни ишонтирди

Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати 

Юртимизда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларининг тубдан ислоҳ қилингани бугунги кунда фуқароларимиз эътирофига сазовор бўлмоқда. Сабаби, бундай шаффоф ва адолатли тизим мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлашдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Очиғини айтганда, кўп йиллардан буён олий ўқув юртларига кириш тест-синовлари арафасида юз берадиган “томошалар”, айрим нопок кимсалар, баъзан эса таълим соҳаси мутасаддиларининг ҳам бунга аралашиб, жиноятга қўл урганига бот-бот гувоҳ бўлар эдик.

Эндиликда имтиҳон жараёнларини онлайн кузатиб бориш, эртаси куниёқ жавоблардан хабардор бўлиш имконияти мавжудлиги ҳамда бир қатор йўналишларда фақатгина ижодий имтиҳонлар топширилиши ҳақиқий билим ва иқтидор эгаларини танлаб олишда холисликни таъминламоқда.

Шунга қарамай, айрим ҳолатларда “ўқишга киритиш”га одамларни ишонтириб, оқибатда баъзи “содда”, аслида эса ҳуқуқий саводи етарли бўлмаган кишиларни тузоғига илинтираётган “ишбилармон”лар ҳам йўқ эмас.

Хусусан, хатирчилик Б.Турсунов “Асакабанк” акциядорлик тижорат банки ишчиси, абитуриент F.Аҳмедовни Тошкент молия институтига ноқонуний йўл билан киритиб қўйишни ваъда қилиб, унга бу “хизмат ҳақи” 8 минг доллар бўлишини маълум қилади. Жорий йилнинг 18 июль куни давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда мазкур жиноий хатти-ҳаракатлар фош этилди.

Ҳозирда тўпланган материалларга асосан айбланувчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА