Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.05.2018 14:58 Чоп этиш версияси

Жиноятдан холи ҳудудлар кўпаймоқда

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинлари, корхона, ташкилот ва муассасаларда аҳолининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини таъминлаш, ҳудудда тинчлик, осойишталикни янада мустаҳкамлашга қаратилган тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Тарғибот тадбирларида вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ёзги таътилини мазмунли ташкил этиш, касб-ҳунар коллежларида якунига етиб бораётган ўқув йилидаги давомат, хорижга ноқонуний чиқишнинг оқибатлари хусусида батафсил тушунча берилди.

Ушбу тадбирлар давомида шаҳардаги 18 минг 642 хонадоннинг турмуш шароити ўрганилиб, улар кўтарган масалаларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилди. Ички ишлар бўлимида профилактик ҳисобда турган илгари судланган 137 нафар ва оиласида мунтазам муаммолар бўладиган 64 нафар фуқаро билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.

Шунингдек, 578 паспорт-виза, доимий ёки вақтинча яшаш қоидалари бузилган 192 ҳолат аниқланиб, тегишли тартибда чоралар кўрилди.

– Шаҳар ҳокимлиги, прокуратура, “Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлими, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи шаҳар кенгаши, халқ таълими, ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда қатъий белгиланган график асосида мунтазам профилактик тадбирлар ўтказилмоқда, – дейди Гулистон шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник З.Қаюмов. – Бу ўзининг ижобий самараларини кўрсатиб, жорий йилнинг ўтган даврида Бўстон, Истиқлол, Улуғобод, Намуна, Маънавият маҳаллаларида умуман жиноят қайт этилмади ва бу ҳудудлар жиноятчиликдан холи ҳудуд, деб эълон қилинди.

Шаҳарда 39 нафар вояга етмаганлар профилактик ҳисобда туриб, улар ҳудудларда фаолият олиб бораётган 20 нафар профилактика инспектори, ўқув муассасалари, маҳаллаларнинг доимий назоратида. Жорий йилнинг ўтган даврида вояга етмаганлар ўртасида жиноятлар, ҳуқуқбузарлик ва майда безорилик ҳолатлари умуман қайд этилмади.

– Шаҳримиздаги 17 та умумтаълим мактабида 16 минг 756 нафар ўқувчи ўқув йилини муваффақиятли якунлаб, ҳадемай ёзги таътилга чиқади, – дейди Гулистон шаҳар ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари подполковник Д.Қодиров. – 200 дан ортиқ ўқувчи ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида ҳордиқ чиқарса, 1 минг 200 нафар ўқувчи умумтаълим мактаблари қошида ташкил этилган кундузги оромгоҳларда дам олиши режалаштирилган. Болаларнинг ёзги дам олиш кунлари мазмунли ва хавфсиз ўтишини таъминлаш мақсадида шаҳар ҳокимлиги, халқ таълими, ички ишлар бўлимлари, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Гулистон шаҳар кенгаши ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Шунингдек, профилактика кунида Гулистон шаҳридаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларида масъул ташкилотлар вакиллари иштирокида аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилди. Фуқаролар мурожаатларини ҳеч қандай тўсиқларсиз кўриб чиқиш, мавжуд муаммо ва ижтимоий-ҳуқуқий масалаларда аҳолига яқиндан ёрдам кўрсатиш мақсадида мутасадди идора масъулларига аниқ кўрсатмалар берилди. 

Профилактика тадбири куни жорий йилнинг апрель ойида Гулистон шаҳри Шодлик маҳалласида яшовчи Р.Қосимов 5,59 грамм гиёҳванд моддани сотаётган вақтида аниқланиб ушланган. Фуқаро Р.Қосимовга нисбатан жиноят иши очилди.

Шунингдек, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига тиббий кўрикдан ўтиш мақсадида келган фуқаро О.Қобилованинг кутиш залида қаровсиз қолдирган 550 минг сўмлик уяли телефон аппарати ўғирлаб кетилган. Олиб борилган тезкор қидирув ишлари натижасида ушбу жиноятни фуқаро А.Соатов содир этгани аниқланди. Ушбу ҳолат маҳаллада атрофлича муҳокама қилинди. Аниқ далиллар асосида А.Соатовга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

А.Қаюмов, ЎзА
6 800