ЎзА Ўзбек

13.08.2018 21:27 Чоп этиш версияси

Жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш – бош мақсадимиз

Жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш – бош мақсадимиз Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари Кенгашларининг кенгайтирилган қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Видеоселектор шаклида ўтказилган мажлисда Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг аъзолари, Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш бўйича Республика комиссияси ва минтақавий ишчи гуруҳ раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Олий Мажлис Сенати раиси Н.Йўлдошев таъкидлаганидек, ҳар ишда қонунийлик ва адолат устуворлигини таъминлаш йўлидаги амалий саъй-ҳаракатлар Ўзбекистоннинг нафақат минтақа, балки бутун дунёда янгича қиёфада ва том маънодаги демократик давлат сифатида намоён бўлишини таъминламоқда. Бугун кўп миллатли халқимиз ўзаро тотувлик, бунёдкорлик муҳитида эртанги кунга мустаҳкам ишонч ва осойишта ҳаёт учун шукроналик ҳисси билан меҳнат қилмоқда. Бундай эмин-эркин ва саодатли ҳаётнинг энг асосий омили тинчлик ва осойишталикдир. Зотан, фақат тинчлик бўлган жойдагина бахтли ҳаёт ҳукм суради. Осойишта мамлакатдагина кексаю-ёш фароғатда яшайди, оилаларда қут-барака бўлади. 

7.JPG  

Давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йилнинг 27 июль куни жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати ҳамда бу борадаги камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбирнинг кун тартиби доирасида жорий йилнинг етти ойи давомида жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар ва галдаги вазифалар, шунингдек, “Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолат” тизимини амалиётга жорий этиш тартиб-таомиллари муҳокама қилинди.

Танқидий руҳда ўтган мажлисда қисқа муддатда ички ишлар идоралари тузилмаси тўлиқ янгиланиб, тизимни такомиллаштиришга оид 80 дан ортиқ меъёрий ҳужжат қабул қилингани, ички ишлар органларини халққа янада яқинлаштириш, жойларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳрида мавжуд куч ва воситалар жойларга қайта тақсимлангани таъкидланди.

Илгари барча ходимларнинг 60 фоизи шаҳар ва туман бошқармаларида, 40 фоизи жойларда фаолият юритган бўлса, бугун уларнинг 65 фоизи аҳолига яқин, яъни маҳаллаларда хизмат вазифасини ўтамоқда. Натижада ўтган йилда жиноятлар сони 2016 йилга нисбатан 13 минг 720 тага ёки 16 фоизга, жорий йилнинг олти ойида эса 13 минг 599 тага ёки 39 фоизга, жиноят-қидирув йўналишидаги жиноятлар сони 38,3 фоизга камайгани қайд этилди.

Бироқ олиб борилаётган кенг кўламли ишларга ва эришилган муайян натижаларга қарамай, мамлакатимиздаги криминоген вазиятдаги ўзгаришлар кўнгилдагидек эмаслиги таъкидланди. Бунинг боиси жиноятчиликнинг туб илдизини, энг асосий сабабларини аниқлаш ўрнига кўпроқ унинг оқибатларини бартараф этиш устида иш олиб борилмоқда, жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ҳанузгача эскича ишлаш услубидан воз кечилмаган.

Баъзи ҳудудларда жиноят-қидирув йўналишидаги айрим жиноят турларининг сони ошиб бораётгани ташвишли ҳолдир. Жумладан, Андижон, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Жиззах вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида қасддан одам ўлдириш, оғир тан жароҳати етказиш, босқинчилик, транспорт воситасини олиб қочиш жиноятлари кўпайган.

Қотиллик жинояти аксарият ҳолларда оила-турмуш ва қўшничилик билан боғлиқ муаммолар оқибатида юз бермоқда. Жорий йилнинг 7 ойида 277 қотиллик жиноятининг 116 таси қариндошлар, 25 таси қўшнилар ўртасида содир этилган. Мазкур жиноятларнинг 95 таси эр-хотин, ака-ука, ота-ўғил ўртасида содир этилгани миллий анъаналаримиз ва оила қадриятларига мутлақо зиддир.

Ушбу йўналишда ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориш учун масъул раҳбарларнинг бундай аҳвол юзасидан тушунтиришлари эшитилди. 

11.JPG 

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Бобожонов соҳадаги камчиликлар, уларни бартараф этиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берди.

– Вилоят, туманлардаги секторларда профилактика инспекторлари ўзининг ҳудудидаги жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилмаётгани ва бу борада турли камчиликларга йўл қўяётгани кўриниб қолмоқда, –деди П.Бобожонов. – Агарда профилактика инспектори ва маҳалла фаоллари масаланинг ичига кириб ишлаганида ва тегишли тартибда тайёргарликни йўлга қўйганида юқоридаги каби муаммолар, жиноятларнинг олдини олиш мумкин бўлар эди. Янги тизим «Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолат» шиори остида ишлаш ҳар бир ички ишлар органи ходимларининг бош мақсадига айланиши керак. Шунинг учун яна бир бор таъкидлаб айтаман, агарда ҳар бир ҳудудда ташкил этилган сектор аъзолари фаол ишласа, уйма-уй юриб муаммоларни ўрганса, турли кўнгилсизликлар, жиноятларнинг олди олинади.

Мамлакатимизда жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга нафақат давлат идоралари, балки жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик, барча фуқаролар масъуллиги, хусусан, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва унинг тузилмалари фаолияти тўғри йўлга қўйилмаган. Бунинг оқибатида мамлакатимиз маҳаллаларининг қарийб 60 фоизида жиноят содир этилган. Олиб борилаётган ишларда изчиллик етишмаётгани кўплаб ҳуқубузарликларнинг такрор содир этилишида намоён бўлмоқда. Шу муносабат билан жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш фаолиятини янада такомиллаштириш, барча тегишли тузилмалар раҳбар ва ходимларининг масъулиятини ошириш бўйича қатор таклиф, тавсиялар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қ.Қуронбоев бугунги кунда ёшлар орасидаги жиноятлар ва уларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар бўйича маълумот тақдим этди.

– Ҳар биримиз битта жиноятнинг олдини олишга ҳаракат қилганимизда жиноятчилик камайган бўларди, – деди Қ.Қуронбоев. – Кўпчилик фуқаролар йиғини раислари, уларнинг ёшлар бўйича ўринбосарлари, туманлар ҳокимларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари ҳам жиноятчиликка қарши курашишнинг самарадор усулини яхши англаб етмаган. Нима учун ёшлар томонидан жиноят содир этилаяпти? Чунки унинг руҳий ҳолати баъзи ҳаётий тўсиқлар олдида ожизлик қилмоқда ва натижада жиноятга қўл урмоқда. Шу мақсадда психологлар, ёшлар масалалари билан шуғулланадиган педагоглар, ички ишлар ходимлари билан ўқув семинарлари ўтказдик. Биз мутахассисларга жиноятларнинг келиб чиқиши ҳамда жиноятлар тўғрисида фильм қўйиб берамиз ва гапириб берамиз. Улар жойларга чиқиб, ҳар битта ҳудуд, туманга бориб, жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганади. Жиноятнинг сабабларидан яна бири – бу ишсизлик. Масалан, Сурхондарёда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш тадбирлари фақат расмиятчилик учунгина холос. Шерободдаги қамоқхонада ёшлар билан гаплашганимизда жиноятларнинг аксарияти ишсизлик туфайли содир этилганига гувоҳ бўлдик. Агарда биз ёшларни руҳий жиҳатдан тарбияласак, маънавиятини ошириб, иш билан таъминлашга эришсак, ўйлайманки, жиноятлар кескин камаяди.

Мажлисда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқаруви раиси, халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим вазирлари ва бошқа раҳбар ходимларнинг тизимдаги камчиликлар ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақидаги ахбороти эшитилди.

Мажлисда жиноятларнинг аксарияти алкоголь ичимликларни истеъмол қилиш натижасида келиб чиқиши, чет давлатларда кечки соат 21.00 дан сўнг алкоголь маҳсулотларининг сотилмаслиги ва бу тажрибани мамлакатимизда ҳам қўллаш кераклиги муҳокама қилиниб, таклифлар билдирилди.

Шунингдек, мажлис иштирокчилари “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури амалга оширилишини депутатлар ва жамоатчилик томонидан назорат қилиш, ушбу дастур ижроси учун масъул раҳбарларнинг ҳисоботини парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида мунтазам эшитиб бориш амалиётини йўлга қўйиш зарурлиги ҳақида фикр юритди.

Мажлисда қизғин муҳокамалар якуни бўйича Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қўшма қарори қабул қилиниб, унинг ижроси қатъий назорат остига олиниши белгиланди.

Даврон Суннатов, Отабек Мирсоатов (сурат) ЎзА
9 999