Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

07.09.2018 20:31 Чоп этиш версияси

Жиноятчиликка қарши курашиш йўлида халқаро ҳамкорлик

Жиноятчиликка қарши курашиш йўлида халқаро ҳамкорлик
Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича Осиё-Тинч океани гуруҳининг Сеул шаҳрида (Корея Республикаси) ўтказилган олтинчи симпозиуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ва Корея Республикаси Молиявий разведка бўлими ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими маълум қилди.

Мазкур ҳужжатга кўра, ҳамкорлик жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш фаолияти доирасида шубҳали молиявий операциялар ва уларни амалга оширувчи шахслар тўғрисида маълумот алмашинуви орқали олиб борилади.

Ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти томонидан 21 хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан бу турдаги ҳужжатлар имзоланган (АҚШ, Россия Федерацияси, Хитой, Япония, Ҳиндистон, Туркия ва бошқалар).

ЎзА