ЎзА Ўзбек

03.08.2018 19:21 Чоп этиш версияси

Жиноятчиликка қарши курашиш иммунитетини оммавий ахборот воситалари шакллантириши зарур

Жиноятчиликка қарши курашиш иммунитетини оммавий ахборот воситалари шакллантириши зарур
Жиноятчилик – бу жамиятнинг ижтимоий-сиёсий барқарорлиги, аҳолининг хотиржамлигига путур етказишга қаратилган қора куч ҳисобланади. Унга қарши курашишда самарали тизим йўлга қўйилиши эса нафақат жиноятларга қарши курашиш, балки унинг олдини олишда ҳам муҳим ўрин тутади.

Мамлакатимизда айнан шу жиҳатга эътибор қаратилиб, жиноятчиликка қарши курашишда барча тизимларнинг, хусусан, ички ишлар органлари ва маҳаллалар фаолияти ҳамкорлиги мустаҳкамлангани аҳолининг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлашга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон тинчлик таъминлангани жиҳатидан жаҳондаги етакчи давлатлардан бири.

Аммо, бу хотиржамликка берилишга асос бўлмаслиги керак. Боиси жиноятчиликка қарши курашиш доимийликни талаб қиладиган жараён. Шунинг учун ҳам Президент Шавкат Мирзиёев жиноятчиликка қарши курашиш, аҳолининг жиноятчиликка қарши курашишдаги иммунитетини кўтаришга доимий эътибор қаратмоқда.

Шу йил 27 июлда давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бу масала яна эътибор марказида бўлди. Жойларда жиноятчиликнинг туб илдизига ҳали тўлиқ етиб борилмаётгани, жиноятларнинг асл сабаблари ўрганилмаётгани кескин танқид қилинди.

Пойтахтимизда «Жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни: талаб ва тавсиялар» мавзуида ташкил этилган семинарда шулар ҳақида сўз юритилди. Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари, ички ишлар органлари масъул шахслари иштирок этди.

Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Л.Тангриев, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.Кўчимов, Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати бошлиғи Қ.Бурҳонов ва бошқалар ўз чиқишларида Президентимиз жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларда тегишли ташкилотларнинг масъулиятини янада ошириш билан бир қаторда оммавий ахборот воситалари олдига ҳам қатор вазифалар қўйилганига эътибор қаратди.

“Жиноят ҳақиқати ва адолат”. Бу – Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган жиноятчиликни жиловлаш бўйича янги тизимдир.

Эндиликда тизим моҳиятини очиб бериш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида қилинаётган ишлар ана шундай, яъни “Жиноят ҳақиқати ва адолат» рукни остида оммавий охборот воситаларида ёритиб борилмоқда.

Бундан буён масъул раҳбарлар жойларга бориб, жиноятларнинг сабабларини ўрганади, муҳокама қилади, такрорланишининг олдини олишга қаратилган аниқ чоралар кўради. Бу жараён ОАВда кенг акс эттириб борилади.

Семинарда ички ишлар органлари томонидан жиноятчиликнинг олдини олиш борасида қилинаётган ишлар бўйича батафсил маълумот берилди. Қайд этилганидек, ички ишлар органларини аҳолига янада яқинлаштириш орқали фаолият самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида таянч пунктларининг янгиланган жойлашуви тасдиқланган. Унга асосан қўшимча 175 ички ишлар бўлинмаси ва 824 таянч пункти ташкил этилган. Профилактика инспекторлари сони 1 минг 102 нафарга кўпайтирилган.

Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни», ҳар чоршанба куни эса «Ёнғин профилактикаси куни» ўтказиб келинмокда. Маҳаллаларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан бундай кенг қамровли тадбирларнинг уюшқоқлик билан ўтказилиши, ҳеч шубҳасиз, жиноятга нисбатан муросасизлик муҳитини яратмоқда.

Жорий йилнинг 6 ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноят содир этиш ҳолатлари қарийб 13 минг 599 тага ёки 38,67 фоизга камайган.

Жиноят қидирув йўналишидаги жиноятлар эса 8 минг 568 тага ёки 38,86 фоизга камайган. Жумладан, қотиллик 17,63 фоизга, ўртача оғирликдаги жиноятлар 42,13 фоизга, оғир жиноятлар 21,72 фоизга, ўта оғир жиноятлар 33,83 фоизга, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар 38,23 фоизга камайишига эришилди.

Тадбирда жиноятчилик билан боғлиқ мавзуни ёритишда оммавий ахборот воситалари олдига қўйиладиган талаблар, ушбу соҳада мухбирларнинг ихтисослашуви, айбсизлик презумпцияси каби масалалар бўйича фикр алмашилди.

Амалий семинар якунида ҳамма бирдек енг шимариб, муаммолардан тўлиқ хабардор бўлиб, уларни ҳал этишга кўмаклашса, жиноятчиликнинг барвақт олди олиниши яна бир бор қайд этилди. Жиноятчиликка қарши курашишда иммунитетни оммавий ахборот воситалари шакллантириши зарур. 

Н.Абдураимова, ЎзА
9 243