Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.03.2017 17:07 Чоп этиш версияси

Жиноятчиликка қарши курашиш – долзарб вазифа

Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича комиссиянинг вилоят ҳудудий комиссияси томонидан олиб борилган ўрганишлар натижаси муҳокама этилди.

Видеомулоқот шаклида ташкил этилган сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоят ҳудудий комиссияси раиси Ш.Орипова ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ролини кучайтириш, парламент назоратини амалга оширишни янада такомиллаштиришга қаратилаётган алоҳида эътибор қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши қарори билан Сенат ҳузурида Ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича комиссия ва унинг ҳудудий комиссиялари ташкил этилган. Сессияда ҳудудий комиссия томонидан вилоят ички ишлар бошқармасининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича фаолияти ўрганилди.

Таҳлил натижаларига кўра, ўтган йили вилоятда жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш борасида аниқ мақсадга йўналтирилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилиб, қонунийлик, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. 2016 йил умумий жиноятчилик 0,2, оғир ва ўта оғир жиноятлар 14,5, унча оғир бўлмаган жиноятлар 2,9 фоизга камайишига эришилган. Бироқ айрим соҳалардаги профилактик тадбирлар сифатли, таъсирчан шаклларда ўтказилмагани оқибатида оғир тан жароҳати етказиш, фирибгарлик, ўғирлик, мулкни қасддан нобуд қилиш каби жиноятлар ошган. Сариосиё, Термиз, Узун туманларида умумий жиноятчилик, Олтинсой, Шўрчи, Қизириқ, Денов, Музработ, Қумқўрғон туманларида фирибгарлик, Термиз шаҳри, Ангор, Бойсун, Жарқўрғон, Шеробод, Термиз туманларида ўғирлик, Бойсун, Денов, Музработ, Шеробод, Қизириқ туманларида безорилик жиноятлари кўпайган.

Вилоятда 400 дан ортиқ ичкиликка ружу қўйган шахс аниқланган. Улар билан профилактика инспекторлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари кенг жамоатчилик ҳамкорлигида тизимли равишда иш олиб бориши зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида жиноятчилик, турли ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш, вояга етмаганлар ноқонуний хорижга чиқиб кетишининг олдини олиш, ўқувчи-ёшларни таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олиш учун ички ишлар органлари, маҳалла ва таълим муассасалари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Сессияда ўрганиш давомида аниқланган камчиликлар бўйича вилоят, туман ва шаҳарлар мутасадди идоралари раҳбарларининг ахборотлари тингланди. Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, жойларда ўтказилаётган профилактика куни самарадорлигини ошириш юзасидан муҳим вазифалар белгиланди.

Сессияда Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
4 487






Все о погоде - Pogoda.uz