ЎзА Ўзбек

15.03.2019 16:24 Чоп этиш версияси

Жиноятчиликка қарши курашиш ҳамкорликда ҳаракат қилишни талаб этади


Сўнгги йилларда мамлакатимизда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди. Бу борадаги ишлар ўз самарасини бераётгани эътиборга молик. 

Вилоятда икки йил олдин турли даражадаги жиноятлар сони 2 минг 591 тани ташкил этган бўлса, 2018 йил давомида уларнинг сони 50 фоизга камайишига эришилди.
Гулистон шаҳрида вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан ўз ҳудудида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли осойишталигини таъминлашда фаоллик ҳамда ҳамжиҳатлик кўрсатган бир гуруҳ профилактика инспекторлари ва фаолларини мукофотлаш маросимида бу ҳақда таъкидланди.

Тадбирда вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.
Давлат ва жамоат ташкилотлари, фаоллар билан ҳамкорликда олиб борилган ҳаракатлар натижасида 2018 йил давомида вилоятдаги 221 маҳалланинг 106 тасида ҳеч қандай жиноят содир этилмади. Маҳаллаларда фаолият юритаётган 196 нафар профилактика инспекторлари ўзлари хизмат қилаётган ҳудудда хизмат уйлари, имтиёзли кредит асосида олинган енгил автомобиллар билан таъминланди.

Тадбирда ўз ҳудудида жорий йилнинг ўтган даврида жиноят содир этилишига йўл қўймаган, ҳуқуқбузарликларни камайтириш, фуқаролар осойишталигини сақлашда яхши натижага эришган 126 нафар профилактика инспектори, 25 нафар маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари, 12 нафар хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича фаол мутахассислар, 14 нафар маҳалла профилактика инспекторларининг ёрдамчилари ҳамда жиноятчиликка қарши курашда ички ишлар органларига яқиндан ёрдам кўрсатган 11 нафар “Фидокор ёшлар патрули” аъзоларига белгиланган пул мукофоти билан рағбатлантирилди.

– Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича ҳамкорликда олиб бораётган ишимиз ўз самарасини бераётганидан хурсандмиз, – дейди Мирзаобод тумани “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори катта лейтенант Дилшод Эркабоев. – Бугунги эътироф эса янада масъулият билан ишлашимизга туртки бўлади. Маҳалламиздаги 599 хонадонда 3 минг 495 нафар аҳоли истиқомат қилади. 2 та умумтаълим мактаби, 1 та мактабгача таълим муассасаси фаолият олиб бормоқда. Ҳудудимизда ўтган 2018 йил ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ҳеч қандай жиноятлар содир этилмади. Бу тажрибани янада такомиллаштирган ҳолда давом эттиришга ҳаракат қиламиз. 

Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
1 225