ЎзА Ўзбек

23.07.2018 13:27 Чоп этиш версияси

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш танқидий таҳлил қилинди

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш танқидий таҳлил қилинди
Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш бўйича Республика комиссияси ҳамда халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди. 

Навоийда Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика комиссияси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. 

Жиноятчиликни бартараф этиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, унга қарши курашишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган йиғилишда Республика комиссияси ва 4-минтақавий Ишчи гуруҳи аъзолари, сенатор ва депутатлар, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, журналистлар иштирок этди. 

16.jpg

Йиғилишда Ишчи гуруҳ томонидан Навоий вилоятида жорий йилнинг олти ойида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари таҳлил қилинди. 

Шу даврда вилоятда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларга қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилган. Вилоятнинг жиноят кўп содир этилган 10 та маҳалласи танланиб, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида мазкур маҳаллаларни “намунавий маҳалла”га айлантиришга қаратилган “Йўл харита”си ишлаб чиқилган. Айни пайтда вилоятдаги 305 та маҳалланинг 107 тасида бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган. Бундан ташқари, вояга етмаганлар, ишламайдиганлар, илгари судланганлар, аёллар ва ёшлар томонидан жиноят содир этилиши ҳолатлари ҳам сезиларли даражада камайган. 

Бироқ, айрим йўналишларда камчиликлар ҳам борлиги аниқланган. Хусусан, жиноятчилик хавфини эрта аниқлаш ва унинг келиб чиқишини бартараф этиш, ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида секторлар фаолияти ҳамда давлат ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги тўғри йўлга қўйилмагани оқибатида вилоятда ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари, Кармана ва Конимех туманларида безорилик, Учқудуқ шаҳрида автотранспортни олиб қочиш, Нурота ва Хатирчи туманларида товламачилик каби жиноятлар ошган. 

18.jpg

Вилоятдаги 305 та маҳалланинг 198 тасида жиноят содир этилиб, 52 тасида криминоген вазият ва жиноятлар тўлиқ таҳлил қилинмагани, профилактика инспекторларини тайинлашда уларнинг малакаси, тажрибаси, меҳнат стажи ва ҳудуддаги мавжуд вазият тўлиқ инобатга олинмагани, куч ва воситалар тўғри тақсимланмагани олиб борилаётган кенг кўламли тадбирлар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатган. 

Содир этилган 6 та қасддан одам ўлдириш жиноятининг 1 таси оила-турмуш муносабатлари доирасида келиб чиққан жанжал оқибатидир. Бу эса, ўз навбатида, маҳалла, айниқса, хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа мутасадди идораларнинг ички ишлар органлари билан ҳамкорлигини янада кучайтиришни тақозо этмоқда. 

Жамиятда оила муқаддаслиги ҳамда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш борасидаги тушунтириш ва тарбиявий тадбирлар етарли даражада олиб борилмагани сабабли 12 оила қонуний никоҳдан ўтмасдан шаръий никоҳ асосида яшаб келаётгани маълум бўлди. Ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш юзасидан давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорликда амалга оширган чора-тадбирларига қарамай, бундай нохуш ҳолатлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16 тага ошган. 

Шунингдек, йиғилишда ички ишлар идоралари ва маҳалла тизимининг ўзаро ҳамкорлиги самарали йўлга қўйилмагани, коллеж ўқувчиларини таълимга тўлиқ жалб қилиш чоралари кўрилмагани қайд этилди. 

Вилоятда ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида ўтказилган 44 та меҳнат ярмаркасида иштирок этган ёшларнинг атиги 16,1 фоизи ишга жойлаштирилган, холос. Соғлиқни сақлаш муассасалари ҳисобида турувчи аксарият гиёҳвандлар, ичкиликка ружу қўйганлар ва тажовузкор руҳий касалларнинг мажбурий даволаниши таъминланмаган. Демак, ҳали бу борада ҳам ечимини кутаётган масалалар талай экани аён бўлмоқда. 

Вилоятда ушбу тоифадаги шахсларни даволаш учун фақат Кармана туманида 60 ўринли наркология диспансери мавжуд, холос. Ваҳоланки, вилоятда гиёҳвандлик иллатига чалинган 1000 дан ортиқ фуқаро доимий рўйхатда туради. 

Айни пайтда дорихоналарда айрим психофаол ҳисобланган дори воситалари билан қонунга хилоф равишда савдо қилувчи шахсларни аниқлашга қаратилган тадбирлар ўтказилмагани ёшлар ўртасида мазкур воситаларни “лаззат” манбаи сифатида фойдаланишга ўз-ўзидан имконият яратмоқда. 

Йиғилиш якунида Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш бўйича Республика комиссияси ҳамда халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди. 

Йиғилишда Республика комиссияси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Э.Йўлдошев, Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов иштирок этди. 

Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат) ЎзА
8 084