Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.12.2017 20:48 Чоп этиш версияси

Жиноятчилик ва ишсизлик муҳитининг олдини олишда ҳамкорлик мустаҳкамланади

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги вазифалар ижроси ҳамда хориждаги меҳнат мигрантлари билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, имом-хатиблар, марказий оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар, талабалар, журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган кўрсатмалар, билдирилган фикр-мулоҳазалар юртимиз тинчлиги, оилалар хотиржамлиги, миллатлараро ҳамжиҳатлигимиз йўлида ғоят муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Қайд этилганидек, маънавий қашшоқ одам жоҳиллик сари юз тутади. Ҳар қандай жиноят илмсизлик, жаҳолат сабаб содир этилади. Киши ўз қилаётган ишининг жиноят эканини, гуноҳлигини билмас экан зулм ботқоғига ботаверади. Биз шу жаҳолатга қарши биргаликда курашмоғимиз шарт.

Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади. Шу маънода, диний уламолар, имом-хатиблар ўз маърузаларида, кенг аҳоли қатлами билан учрашувларда бу ғояларни илгари сурган ҳолда, жиноят содир этиш оғир гуноҳ экани, Қуръони карим ва ҳадисларда бундай хатти-ҳаракатлар қаттиқ қораланганини жонли мисоллар орқали таъсирчан тушунтиришлари мақсадга мувофиқ.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 10 ойи давомида юртимиз ёшларининг 22 минг нафари жиноятга қўл урган. Йиғилишда бу ҳолатнинг келиб чиқиш моҳияти, хотин-қизлар ўртасида содир этилаётган жиноятчилик масаласига эътибор қаратилди. Уларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида гапирилди, аниқ таклифлар ўртага ташланди.

Жумладан, бугунги кунда ёшлар ўртасида ишсизликнинг олдини олиш борасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан қатор лойиҳалар ишлаб чиқилган. Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази, Ёш фермерлар кенгаши тузилгани ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, шу орқали янги иш ўринларини яратишда муҳим омил бўлмоқда.

Йиғилишда жорий йил 30 октябрь – 9 ноябрь кунлари мамлакатимиз делегацияси аъзоларининг Россия Федерациясининг Москва, Санкт-Петербург, Астрахань ва Новосибирск шаҳарларидаги меҳнат мигрантлари билан бўлиб ўтган учрашувлари тўғрисида ҳам маълумот берилди.

Ташриф доирасида бу шаҳарларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз яшаш ва ишлаш шароитлари билан яқидан танишилди. Зарур ҳолларда ёрдам кўрсатилди.

Сир эмас, Россияда ёки бошқа хориж мамлакатларида тегишли келишувларсиз меҳнат қилаётган ёшларимизни қийнаётган муаммолар мавжуд. Тил билмаслик, тайинли касб-ҳунарга эга эмаслик, тегишли меҳнат қонунчилигидан бехабарлик ачинарли ҳолатларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, бирон таниши билан ёки шунчаки иш излаб кетган ёшларимиз охир-оқибат фирибгарлар домига тушмоқда. Бу ерда улар “ўлмас овқат” билан кун кечиради, ўз ҳақини ойлаб, ҳатто йиллаб ололмайди. Ҳатто бир неча йил тинимсиз ишлаб, бир тийинсиз қайтаётган ёшларимиз ҳам учраб турибди.

Мамлакатимиз делегацияси бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Россиянинг меҳнат соҳаси ташкилотлари, Москва, Санкт-Петербург, Астрахань ва Новосибирск шаҳри губернаторлари билан келишувларга эришди. Унга кўра, бугунги кунда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тасарруфига ўтказилган 200 га яқин касб-ҳунар коллежида ёшларни аниқ мутахассисликлар бўйича ўқитиш тизими йўлга қўйилади. Бу ерда уларга тил ўргатиш, касбга йўналтириш, меҳнат қонунчилиги борасидаги билимларини, маънавиятини мустаҳкамлаш бобида сабоқлар ўтилади.

Шу кунларда Россия ва бошқа мамлакатларда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари, хусусан, ёшлар юртимизга қайтмоқда. Эндиги масала уларни иш билан таъминлаш. Бу борада Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Халқчил ислоҳотларимизнинг янги даврида лоқайдликка асло йўл қўйиб бўлмайди. Ҳар биримиз атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмаслигимиз, нохуш ҳолатлар, қонунбузарликка қарши биргаликда курашмоғимиз лозим. Хусусан, жиноятчиликка қарши курашиш уламоларнинг, имом-хатибларнинг, зиёлилар, хусусан, оммавий ахборот воситаларининг вазифасидир.

Шу маънода, Ўзбекистон мусулмонлари идораси оммавий ахборот воситалари билан доимо ҳамкорликка тайёр экани таъкидланди. Ёшлар билаш ишлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолашга келишиб олинди.

Улуғбек Асроров, ЎзА
1 896






Все о погоде - Pogoda.uz