Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.09.2017 20:19 Чоп этиш версияси

Жиноятчи узоққа кетолмади

Муқаддам судланган Ё.Ҳожибоев тегишли жазосини олиб ҳам ўзига керакли хулоса чиқармади. Оилали, икки фарзанднинг отаси бўлган Ёқуб ҳалол яшаш ўрнига яна бир бор жиноятга қўл урди.

Жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман судида айбланувчи Ё.Ҳожибоевнинг навбатдаги жиноят иши кўриб чиқилди. 2017 йил 18 июнь куни у маст ҳолда Янгийўл туманида яшовчи Р.Холхўжаевнинг автомашинаси назоратсиз қолдирилганидан фойдаланмоқчи бўлди. "Бузоқнинг югургани сомонхонагача" деганларидек, автомашинани олиб, узоққа боролмади. Чиноз туманидаги "Уста ота" фермер хўжалигига қарашли дала майдонига ташлаб кетади. Автомашина салонида эгасига тегишли пул, қўл телефони каби жами 490 минг сўмлик буюмларни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинади.

Ушбу ҳолат юзасидан туман ички ишлар ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари самарасида айбланувчи Зангиота туманида қўлга олинди. Тўпланган далиллар, гувоҳлар кўрсатмасига биноан Ё.Ҳожибоев туман суди томонидан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексидаги тегишли моддалар билан айбдор, деб топилди.

– Айбдорнинг муқаддам 2 марта оғир жиноят содир этгани инобатга олиниб, унга 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, – дейди Жиноят ишлари бўйича Янгийўл тумани суди судьяси Б.Тошпўлатов. – Шунингдек, суд ҳукми қонуний кучга кирганидан сўнг судланувчининг жиноий ҳаракатлари оқибатида етказилган 1 миллион 500 минг сўм миқдоридаги моддий зарар жабрланувчига ундириладиган бўлди.

Туман судида бир гуруҳ шериклари билан жиноий тил бириктириб, ўзганинг ҳовлисидан бир бош қўйни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган, 1994 йилда туғилган А.Ҳожибоевга оид жиноят иши ҳам кўриб чиқилди.

А.Ҳожибоев шериклари билан ўғирланган қўйни илгари таниш бўлмаган Янгийўл туманида яшовчи З.Турсуналиевга 450 минг сўмга сотиб, пулини ўзаро бўлишиб олади. Жабрланувчи қўйи йўқолганидан хабар топгач, туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилади. Қидирувлар натижасида А.Ҳожибоев қўлга олиниб, дастлабки тергов натижаларига кўра унинг айби тасдиқланади.

Ҳали ёш бўлишига қарамай, жиноят кўчасига кириб қолган А.Ҳожибоевга давлатимиз яна бир бор имконият берди. Унинг муқаддам судланмагани, қилмишидан пушаймонлиги, оиласи ночорлиги, касалманд онасининг ёлғиз қаровчиси экани инобатга олиниб, айби енгиллаштирилди. Унга нисбатан туман суди томонидан ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 10 ой 20 кун ахлоқ тузатиш жазоси тайинланди. Жабрланувчига етказилган зарар қопланди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
2 474






Все о погоде - Pogoda.uz