ЎзА Ўзбек

17.11.2019 Чоп этиш версияси

Жиноят жазосиз қолмайди

Жиноят жазосиз қолмайди

Афсуски ишлаш учун хорижга бориб, турли хил ёт ғоялар таъсирига тушиб қолаётган ватандошларимиз ўз келажакларини барбод қилишмоқда.

1986 йил Андижон вилоятининг Асака туманида туғилган Ботир Мадаминов ҳам ана шундайлардан бири ҳисобланади.

У 2008-2010 йилларда отаси ва икки нафар укаси билан Россия Федерациясига ишлаш учун бир неча маротаба бориб келади. Кейинроқ ёлғиз ўзи Москва областининг Серпухова районига ишлаш учун боради. У 2011 йилнинг декабрь ойига қадар фарғоналик Абдураҳим ва андижонлик Умид исмли шахслар билан биргаликда қурилиш ишларида ишлайди. Аммо бу икки кимса “Жиҳодчилар” диний экстремистик ташкилотининг “Москва жамоати” аъзолари бўлганликлари боис, улар аста-секин Ботирни “ҳижрат”, “жиҳод” қилишга даъват этишади. Натижада Ботир уларга эргашиб, “Жиҳодчилар” оқимининг “Москва жамоати” аъзосига айланади.

2011 йил декабр ойида эса у Покистоннинг Мир-Али шаҳрига бориб, “Туркистон ислом ҳаракати” халқаро террористик ташкилотига қўшилади.

Дастлаб у жангарилар тайёрлаш лагерида қурол-яроғ ҳамда портловчи қурилмалар билан ишлаш усулларини ўрганади. Сўнгра 2012-2013 йиллар давомида “Носир” тахаллуси остида Покистон ҳукумати қўшинларига қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этади.

2013 йилнинг куз фаслида “Туркистон ислом ҳаракати” ташкилоти Покистон қуролли кучларининг жиддий қаршилигига учрагач, 2014 йилнинг ноябрь ойида улар Афғонистонга ўтишади.

2015 йилнинг охирида Ботир Мадаминов “Ислом Давлати Хуросон вилояти” террористик гуруҳи сафига қўшилиб, 2016-2018 йилларда гуруҳ аъзоларига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиш билан шуғулланади

2019 йилнинг 3 апрель куни Ботир Мадаминов юртимизга қайтарилди.

Жиноятга жазо муқаррар. Одил суд томонидан Мадаминов Ботир Баҳодировичнинг содир этган қилмишлари атрофлича кўриб чиқилди ва у 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Бундай адашган шахсларнинг аччиқ кечинмалари бошқаларга сабоқ бўлмоғи лозим.

1 606
ЎзА