Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.04.2017 16:59 Чоп этиш версияси

Жиноят ва ҳуқуқбузарликлар камаймоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда жорий этилган профилактика кунида Андижон вилоятидаги меҳнат жамоалари, маҳаллалар, таълим муассасалари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Ички ишлар органлари ходимлари томонидан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, таълим муассасалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигида ўтказилаётган тадбирларда содир этилган жиноятларнинг сабаб ва оқибатлари атрофлича муҳокама этилиб, уларнинг олдини олиш борасида тарғибот ишлари кучайтирилмоқда.

Профилактика тадбирларида фуқароларнинг паспорт-виза, доимий ёки вақтинча яшаш, ёнғин, ҳаракат хавфсизлиги тартиб-қоидаларига риоя этиши назоратдан ўтказилди. Вилоятдаги 27 минг 159 хонадон ўрганилиб, 1 минг 600 дан ортиқ ички ишлар идоралари профилактик ҳисобида турувчи, хорижга ишлагани чиқиб кетган ёки қайтган шахслар ва уларнинг оила аъзолари билан суҳбатлар ўтказилди.

Ўрганиш жараёнида 198 фуқаронинг паспорт-виза, 79 фуқаронинг доимий ёки вақтинча яшаш тартибини бузганлиги аниқланди. Уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиб, бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Профилактика тадбирлари Марҳамат туманида ҳам уюшқоқлик билан ўтказилди.

Тадбир доирасида туман Халқ қабулхонасида Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов, вилоят прокурори М.Эгамбердиев, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ш.Собиров маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари, ўқувчи-ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан мулоқот ўтказди. Мулоқот давомида аҳолини қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар келиб чиқишининг олдини олиш, бу борада кенг жамоатчилик ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Профилактика тадбирларини ўтказиш бўйича тузилган 28 жамоатчилик гуруҳи томонидан тумандаги умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежларида “Давомат” тадбири ўтказилди. Ўрганиш жараёнида тумандаги 6 касб-ҳунар коллежида ўқишга келмаётган 11 ўқувчи дарсга қайтарилди.

Тадбир доирасида таълим муассасаларида ўқувчиларнинг дарсга қатнашиши, пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ҳуқуқий билимини ошириш, уларда қонунларга ҳурмат туйғусини юксалтириш, ёшларнинг турли иллатлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш сингари мавзуларда суҳбатлар ўтказилди. Ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига 12 йиллик мажбурий таълим, бу борада уларнинг бурч ва вазифалари хусусида кенг тушунча берилди. Фарзандларини назорат қилмаган, дарсда иштирок этишига масъулиятсизлик билан қараган ота-оналарга тегишли чоралар кўрилди.

– Шу куни туман ҳудудида 19 ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди, – дейди Марҳамат тумани ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Зафар Йўлчиев. – Ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли баённомалар расмийлаштирилди. Корхона, ташкилот, маҳалла ва таълим муассасаларида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган 30 дан ортиқ учрашув ва тадбирлар ўтказилди.

Маҳаллаларда аҳоли вакиллари, уюшмаган ёшлар, хорижда ишлаб қайтган фуқаролар иштирокида “Маҳалла бедарвоза эмас!”, “Ўз уйимни ўзим асрайман!”, “Биз – жиноятчиликка қаршимиз!” мавзуларида ўтказилган тадбирларда жамоатчилик назоратини кучайтириш, фуқароларнинг бурч ва масъулиятини ошириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, бандлигини таъминлаш каби қатор йўналишлардаги ишлар самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўтказилаётган профилактика тадбирлари натижасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари кескин камаймоқда. Бундай тадбир ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар келиб чиқиши билан боғлиқ муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, бартараф этиш, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда ички ишлар идоралари ходимлари, педагоглар, ота-оналар ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
3 852






Все о погоде - Pogoda.uz