ЎзА Ўзбек

28.07.2018 10:58 Чоп этиш версияси

“Жиноят ҳақиқати ва адолат” – бу қандай тизим?

“Жиноят ҳақиқати ва адолат” – бу қандай тизим?
Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда 2017 йилда жиноятлар 2016 йилга нисбатан 16 фоизга, жорий йил 6 ойида эса, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 39 фоизга камайган.

Лекин қасддан одам ўлдириш, оғир тан жароҳати етказиш, талончилик, босқинчилик, ўғрилик ва фирибгарлик жиноятларининг сони ҳамон юқорилигича қолмоқда.

Шу сабабли энди жиноятчиликни жиловлаш бўйича ишлар бутунлай янгича тизимда ташкил этилади. Бу тизим “Жиноят ҳақиқати ва адолат” деб номланади. Масъул раҳбарлар жойларга бориб, жиноятларнинг сабабларини ўрганади, муҳокама қилади, такрорланишининг олдини олишга қаратилган аниқ чоралар кўради. Оммавий ахборот воситаларида “Жиноят ҳақиқати ва адолат” рукни ташкил этилиб, барча ишлар батафсил ёритиб борилади.

Бу ҳақида 27 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида алоҳида таъкидланди.

ЎзА
7 162