Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2017 12:11 Чоп этиш версияси

Жасур ўғлонлар хотираси мангудир

Сурхондарё вилоятида ҳам 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан хотира кечалари, учрашув ва турли маданий тадбирлар ўтказилмоқда. Хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар жасорати ёд этилиб, уларнинг оила аъзоларига моддий-маънавий ёрдам кўрсатилаётир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрелдаги "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Термиз шаҳрида бўлиб ўтган шундай тадбирлардан бирида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи ҳарбий хизматчилари, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, шунингдек, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари марҳум сержант Ғулом Ҳусанов улғайган хонадонда бўлди. Халқимиз осойишталиги ва мустақиллигимиз йўлида жон фидо қилган Ғуломжоннинг юксак фазилатлари, матонатга йўғрилган ҳаёти ёдга олинди. Беғубор болалиги, ҳарбий хизмат даврида кўрсатган жасорати хотирланди.

Сержант Ғулом Ҳусанов 2000 йилда мамлакатимиз жанубий сарҳадларида террорчиларга қарши жанговар ҳаракатлардан бирида қаҳрамонларча ҳалок бўлган.

Тадбирда сержант Ғулом Ҳусанов оиласига Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан ажратилган пул мукофоти, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа ташкилотларнинг совға-саломлари топширилди.

– Она учун фарзанд доғидан оғир мусибат йўқ, – дейди Ғуломжоннинг онаси Рўзихол Ҳайитова. – Орадан шунча йил ўтган бўлса ҳам ўғлимнинг болаларча беғубор ҳаракатлари, қувноқ чеҳраси кўз олдимдан сира кетмайди. Юрагим эзилган дамларда унинг суратига узоқ термулиб қоламан. Ғуломжоннинг Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги йўлида ҳалок бўлгани менга таскин беради. Ҳарбийлар, маҳаллий ҳокимлик ва жамоат ташкилотлари вакиллари хонадонимизга тез-тез келиб, ҳол-аҳвол сўраб туришади, ўғлимнинг йўқлигини сездирмасликка ҳаракат қилишади. Бугун ҳам Хотира ва қадрлаш куни олдидан бағрим яна тўлгандек бўлди. Раҳмат, ўғлимни ёд этиб, моддий ёрдам кўрсатишди, совғалар беришди.

Шу куни мамлакатимиз жанубий сарҳадларида террорчиларга қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этиб, жон фидо қилган Термиз шаҳрилик марҳум оддий аскар Фарҳод Абдуллаев, Термиз туманида туғилган марҳум сержант Муҳиддин Эштемиров, Бойсун туманида камолга етган марҳум сержант Машраб Жўраев хонадонига ташриф буюрилиб, пул ва бошқа қимматбаҳо совғалар топширилди. Қаҳрамонларнинг ёш авлодга ибрат бўладиган юксак фазилатлари ёдга олинди. Ватанпарвар, мард ва жасур ўғлонларни тарбиялаб вояга етказгани учун уларнинг ота-оналарига миннатдорлик билдирилди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
9 797






Все о погоде - Pogoda.uz