ЎзА Ўзбек

30.08.2018 11:44 Чоп этиш версияси

Жасорат ва ватанпарварлик рамзи

Жасорат ва ватанпарварлик рамзи

30 август – “Жалолиддин Мангуберди” ордени таъсис этилган кун

Жалолиддин Мангуберди тарихда жасорати ва ватанпарварлиги билан ном қозонган. У Ватан озодлиги йўлида мислсиз қаҳрамонлик кўрсатиб, миллатни ҳуррият сари руҳлантирган жасур саркарда сифатида эҳтиромга лойиқ.

Тарихдан маълумки, Жалолиддин Мангуберди эндигина 21 ёшни қаршилаган пайтда Ватанни озод этишдек шарафли ва оғир масъулиятли вазифа зиммасига тушади. Султон Жалолиддин юрт мустақиллигини сақлаб қолиш учун ёвларга қарши 11 йил жанг қилиб, мислсиз қаҳрамонлик кўрсатади.

Мустақиллик йилларида чинакам халқ қаҳрамонларининг ҳаёти ва ўлмас жасоратини улуғлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилди. 1999 йилда Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллиги кенг нишонланди. Хоразмда унинг хотирасига муҳташам ёдгорлик мажмуи барпо этилди. Бобомизнинг ҳаёти, фаолиятига бағишланган турли асарлар яратилиб, илмий тадқиқотлар ўтказилмоқда.

2000 йилнинг 30 августида Ўзбекистон Республикасининг “Жалолиддин Мангуберди” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.

Жалолиддин Мангуберди ордени билан мамлакат мустақиллигини, Ватан сарҳадларини, она юрт тупроғини ҳимоя қилишда ҳамда уни кўз қорачиғидай асрашда юксак ҳарбий маҳорат, қаҳрамонлик ва жасорат намуналарини кўрсатган, давлатимизнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган қўмондонлик таркибига кирувчи ҳарбий хизматчилар мукофотланади.

Жалолиддин Мангуберди ордени Ўзбекистон Республикасининг олий ҳарбий мукофоти ҳисобланади. Орден билан мукофотлаш ва уни топшириш Ўзбекистон Республикасининг “Давлат мукофотлари тўғрисида“ги Қонунида назарда тутилган тартибда амалга оширилади. Мазкур орден билан корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, ижодий жамоалар, ҳарбий бўлинмалар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирликлари ҳам тақдирланиши мумкин.

Орден 925 пробали кумушдан тайёрланади, қиррадор кумушранг нурлар таралган бешбурчак шаклга эга. Бешбурчак жо бўлган доиранинг диаметри 55 миллиметрдир. Орденнинг марказида, оқ айлана билан ҳошияланган доирада, таралаётган нурлар фонида Жалолиддин Мангубердининг қабариқ зарҳал тасвири жойлашган. Сиймо ортидаги фон ҳаворанг-мовий эмаль билан қопланган.

Айлананинг юқори қисмида доира бўйлаб “JALOLIDDIN MANGUBERDI” деган ёзув жойлашган. Айлананинг сирт диаметри 35 миллиметр. Айлананинг пастки қисмида яшил эмаль қопланган иккита дафна новдаси симметрик тарзда жойлашган бўлиб, барглари орасига фианит кристаллар ўрнатилган. Айлана узра, марказ бўйлаб ўлчами бўйича диаметри 8 миллиметрли доирага жо бўладиган тилларанг мусамман жойлашган. Орденнинг орқа томони ботиқ. Ўртасида бурама қадағичи бор. Пастки қисмида орденнинг тартиб рақами 1 миллиметр катталикдаги ботиқ шрифт билан ёзилган.

2003 йил 22 августда Хоразм вилояти Жалолиддин Мангуберди ордени билан мукофотланган.

Улуғ бобомизнинг ҳурлик ва озодлик йўлидаги тенгсиз жасорати ва фидойилиги истиқлолнинг халқимиз ҳаётидаги аҳамиятининг яққол намоёнидир. Шу билан бирга, барчамизни бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етишга, юрт тақдири учун доимо дахлдорлик туйғуси билан яшашга чорлайди.

Н. Насриев, ЎзА
4 420