Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.05.2018 18:17 Чоп этиш версияси

Жасорат ва матонати ёшларга ибрат

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳамкорлигида 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири ўтказилди.

Мазкур учрашув Президентимизнинг жорий йил 16 апрелдаги “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида уюштирилди.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад – Ватанимиз озодлиги йўлида курашган, оловли жанггоҳларда жасорат ва матонат кўрсатган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг шонли ҳаёт йўлларини ёш авлодга яна бир бор ўрнак қилиб кўрсатиш, уларда Ватанпарварлик ҳиссини янада мустаҳкамлашдан иборат.

Тадбир давомида Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари Мадамин ота Ҳасанов, Аббос ота Аппанов порлоқ келажагимизни фашизм деган балодан ҳимоя қилиш мақсадида босиб ўтган ўзларининг суронли йилларидаги таассуротлари, халқимизнинг қаҳрамонлиги ва фидокорона меҳнатлари ҳақида ёшларга гапириб берди. Тинч-осойишта ҳаётнинг, огоҳликнинг қадри, фаровон турмушнинг ҳикмати, фидойилик каби инсонийлик фазилатлар хусусида насиҳат қилди.

– Бу каби тадбирлар ёш авлодни ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, меҳр-оқибат руҳида тарбиялаш, азалий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш, улар қалбида Ватанга садоқат, хайру саховат каби фазилатларни шакллантиришга хизмат қилмоқда, – дейди Парламент қуйи палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Акмал Раҳмонов. – Ёшлар боболаримизнинг қаҳрамонлиги улар учун ҳаёт мактаби эканлигини тушуниб етишлари зарур.

Уруш қатнашчиларига Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг эсдалик совғалари топширилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
4 174