Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.04.2017 14:38 Чоп этиш версияси

Жасорат, матонат унутилмайди

Жасорат, матонат унутилмайди Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида яшовчи 91 ёшли Ғулом бобо Маҳкамовнинг айни куч-қувватга тўлган йигитлик даври Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келди. Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида туғилган Ғулом бобо ўн саккиз ёшида урушга кетди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, «Бугун ҳеч кимга сир эмас: миллион-миллионлаб одамлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган бу уруш инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганини бу дунёда ҳеч ким унутмайди. Ва фашизм устидан қозонилган ғалаба нақадар қимматга тушганини юртимизда яшаётган ҳар қайси оила, ҳар қайси одам яна ва яна бир бор англаши, қалбидан ўтказиши табиийдир».

Букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, ўз ҳаётини азиз Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун фидо қилган аждодларнинг муқаддас хотирасини ёд этиш, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш халқимизга хос азалий қадриятдир.

– Суронли ва қақшатқич жанглар қанчадан-қанча оилалар бошига битмас кулфат солди, – деб эслайди Ғулом бобо. – 1950 йил хизматдан қайтгач, қишлоғимни кўриб, кўзим ёшланди. Гарчи бу ерда қақшатқич жанглар бўлмаган эса-да, уйлар харобага айланганди. Уйимиздан ҳеч кимни топа олмадим. Онам, укам ва жиянимни қўшнимизнинг уйидан топдим. Урушга кетганимдан сўнг соғинч ва алам кўз ёшлари онамнинг кўзларидан нурни олган экан. Ишни уйимизни таъмирлашдан бошладим. Қишлоғимиздаги барча уйларни таъмирлаб чиқдим.

Ғулом ота урушдан қайтгач, 38 йил ҳарбий соҳада меҳнат қилди. Турмуш ўртоғи Мунаввар ая Маҳкамова билан икки ўғил, тўрт қизни тарбиялаб, вояга етказди. Ҳозир йигирма бешга яқин набираю чеварасининг камолидан мамнун. Улар турли соҳаларда самарали меҳнат қилмоқда.

– Истиқлол умримга умр қўшди, фарзандларим, невара-чевараларим бахту камолини кўриб яшаётганимга беҳисоб шукроналар айтаман, – дейди Ғулом бобо. – Ёшу кексага бирдек ғамхўрлик кўрсатилаётган юртимизда бахтли ҳаёт кечириш учун барча шароит муҳайё. Бу кунларнинг қадрига етиш, бундай тўкин, осуда ҳаётни сергак туриб асраш керак. Мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришлар кишига катта ҳузур ва қувонч бағишлайди. Буларнинг барчаси Президентимизнинг халқ манфаатини ўйлаб амалга ошираётган эзгу ишлари самарасидир. Ана шу неъматларга муносиб бўлиш, тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, доим ҳушёр ва огоҳ бўлиш барчанинг бурчидир.

Мустақиллик йилларида Ғулом отанинг меҳнатлари қадрланиб, «Жасорат» медали, “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан тақдирланди. Отахон истиқлол шарофати билан олган бу юксак мукофотларни алоҳида эъзозлайди. Ҳар бир сўзида халқимиз эришаётган ютуқларни ҳаётий мисоллар билан тарғиб этиб, ёшларни бугунги тинч, фаровон кунларнинг қадрига етишга ундайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрелдаги "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан жойларда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларининг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий кўмак берилмоқда.

Дарҳақиқат, Иккинчи жаҳон урушида қатнашган ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг жасорати ҳеч қачон унутилмайди. Уларнинг халқимиз олдидаги бурчини муқаддас билиб, ғоят оғир шароитларда кўрсатган матонати ҳамиша эътирофу эъзозга муносибдир.

Нурилло Насриев, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
3 449






Все о погоде - Pogoda.uz