ЎзА Ўзбек

27.07.2018 14:28 Чоп этиш версияси

“Жасорат” клубларига 9 минг 636 нафар ёш жалб қилинган

“Жасорат” клубларига 9 минг 636 нафар ёш жалб қилинган
Қуролли Кучлар академиясида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши фаолиятининг жорий йил биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси И.Мирзаалиев кенгаш ва унинг вилоятлардаги ҳудудий бўлинмалари фаолиятини танқидий таҳлил қилди, мавжуд муаммоларга алоҳида тўхталди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралдаги “Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларга оид ҳисоботлар тингланди.

Жумладан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан вилоятларда “Миллий армиямиз ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир" шиори остида 100 дан ортиқ лойиҳалар ўтказилди. “Менинг ўғлим Ватан ҳимоячиси”, “Менинг акам ҳарбий” ва шу каби мавзулардаги тадбирларга 42 минг 500 нафар ёшлар жалб қилинди. Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудуддий кенгашлари қошида 443 та “Жасорат” клублари фаолияти йўлга қўйилиб, уларга 9 минг 636 нафар ёшлар жалб қилинди.

Шунингдек, соҳадаги кўплаб масалалар бўйича видеоконференция режимида жойлардаги минтақавий бўлинмалар вакилларининг ахборотлари тингланди. Қашқадарё, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида ҳудудий кенгаш аъзолари томонидан бажарилган ишлар, баъзи йўналишлардаги муаммолар хусусида маълумот берилди.

Кенгаш аъзолари юртимизда ўтказилган бир қатор давлат байрамлари, олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тантанали битирув, аскарларнинг ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросимлари ва бошқа турли маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этиш билан кифоялангани танқид қилинди. Кенгаш низомида белгиланган талаблар ва йил бошида қабул қилинган режалар ижросига ҳам кам сонли аъзолар томонидан эътибор қаратилиб, барча бирдек ёндашмаётгани хусусида айтиб ўтилди.

Мутахассислар томонидан жойларда тадбирлар ўтказиш билан чекланиб қолмай, ҳарбийларнинг муаммолари, оилавий шароитини ҳам ўрганиш зарурлиги бўйича тавсиялар берилди.

А.Мусаев, ЎзА
3 382