ЎзА Ўзбек

12.07.2020 Чоп этиш версияси

Жарқўрғонда суд, ҳокимлик, ички ишлар бўлими ходимлари ўртасидаги юзага келган можарода ким айбдор?

Жарқўрғонда суд, ҳокимлик, ички ишлар бўлими ходимлари ўртасидаги юзага келган можарода ким айбдор?


Судьялар олий кенгаши судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси маълумотига асосланиб сайтимизда “Жарқўрғонда судьялар омма олдида обрўсизлантирилди, суд ходими эса дўппосланди” сарлавҳаси билан мақола эълон қилинди.

Унда 2020 йил 10 июль куни соат 8.30 ларда Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон тумани судининг раиси Я.Беккамов ҳамда ҳайдовчи Р.Раҳимназаров шу судга бириктирилган “Нексия 3” русумли давлат рақами 530 YAA хизмат автотранспорт воситасида, Жарқўрғон тумани маъмурий судининг раиси Х.Раҳимова ҳамда ҳайдовчиси шу судга бириктирилган “Нексия 3” русумли давлат рақами 307 VAA хизмат автотранспорт воситасида туман суди биноси томон ҳаракатланиб келаётганида туман марказига кираверишда блок постда улар тўхтатилган ва постдан ўтказилмагани баён этилган. Шу билан бирга, постда турган масъул ходимлар туман судининг ҳайдовчисининг автомашина калитини олиб қўйиб, уни автомашинада ўтирган жойидан куч ишлатиб тортиб, эгнидаги кўйлагини олд кўкрак қисмини йиртиб, суд ходимини туман ИИБ биносига олиб келиб, ИИБ бошлиғи ўринбосари Ш.Азизбердиев суд ходимини ҳақоратлаб, бўйнидан бўғиб, шахсий телефон аппаратини тортиб олиб, сўнгра вақтинча ушлаб туриш ҳибсхонасига қамаб қўйгани каби ҳолатлар ҳам қайд этилган.

(Ҳайдовчининг тан жароҳати олгани билан боғлиқ суд-тиббий экспертиза хулосаси ҳам бизга тақдим этилган).

ИИВ Ахборот хизмати ушбу ҳолат бўйича баёнот берди. Жумладан унда шундай дейилган:

«Сурхондарё вилояти ИИБдан олинган маълумотга кўра, Жарқўрғон тумани “Янгиобод” маҳалласи ҳудудида ташкил этилган блок постда 10 июль куни соат 09:50 ларда туман ҳокими З.Давлатов, туман прокурори Б.Ҳайдаров ва туман ИИБ бошлиғи подполковник Б.Хидировлар томонидан ички ишлар органлари ва хизматга жалб этилган бошқа ходимларнинг фаолияти мувофиқлаштирилаётган вақтда, ушбу блок постга Жиноят ишлари бўйича туман судига қарашли “Нексия-3” русумли 75/530/YAA давлат рақамли хизмат автомашинаси ҳайдовчи Р.Р. қарама-қарши йўналишда бошқариб келганлиги сабабли, туман ҳокими ва постда хизмат олиб бораётган ички ишлар ходимлари мазкур автотранспортни йўлнинг қатнов қисмидан четга олишни талаб қилганларида, ҳайдовчи ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмай автомашинани йўлдан олмаслигини, келган жойида туришини айтиб, 20-25 дақиқа давомида автомашинани тўхтатиб қўйиши оқибатида, постда сунъий тирбандлик юзага келган.

Шундан сўнг ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ҳайдовчи Р.Р. соат 10:30 ларда туман ИИБга олиб борилиб, соат 11:00 ларда туман ИИБдан чиқариб юборилган.

Шу куни ҳайдовчи Р.Р. ўзига тан жароҳати етказилганлиги важи билан туман шифохонасига мурожаат қилган, шифохонанинг бу ҳақидаги хабарномаси туман ИИБга юборилиб, ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтказилиб, хабарнома тегишлилиги бўйича туман прокуратурасига юборилган. Ҳозирги вақтда юзага келган ҳолат прокуратура органлари томонидан ўрганилиб, иштирокчиларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади».

Лекин ИИВ Ахборот хизмати баёнотида суд ходимига нисбатан ички ишлар органлари ходимлари томонидан жароҳат етказилганлиги ҳолати бўйича ҳеч нарса дейилмаган.

Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати ҳам расмий баёнот берди.

Баёнотда қайд этилишича, “Ижтимоий тармоқларда Жарқўрғонда судьялар омма олдида обрўсизлантирилганлиги, суд ходими эса дўппосланганлиги ҳақида хабарлар тарқалган. Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан текшириш ишлари олиб борилмоқда.

Текшириш жараёни Бош прокуратура томонидан назоратга олинган. Натижалари ҳақида батафсил маълумот берилади”.

Ушбу ҳолат бўйича Жарқўрғон тумани ҳокимлиги ҳам муносабат билдиришини маълум қилган.

Демак, можарода иштирок этган томонлар ўз муносабатларини билдириши билан бирга ушбу ҳолатга қонуний баҳо ҳам берилади.

Воқеалар тафсилоти ва натижалари ҳақида сайтимизда билиб оласиз.


15 918
ЎзА