ЎзА Ўзбек

25.11.2016 17:22 Чоп этиш версияси

Жанубий Оролбўйи ҳудуди археологик ёдгорликлари бутун дунё олимлари эътиборини тортмоқда

Нукусда Жанубий Оролбўйи ҳудудининг археологияси, этнографияси ва тарихига оид муҳим масалаларга бағишланган илмий-назарий анжуман бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимиз ва хорижий давлатлардан олимлар, юртимиздаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлар, магистрантлар иштирок этди.

Жанубий Оролбўйи ҳудудининг бой тарихий маданияти, Амударё дельтасидаги қадимий археологик обидалар палеолит даврига оидлиги билан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боис бу ердаги антик даврга хос археологик ёдгорликларни ўрганиш ва тадқиқ этишга бутун дунё олимлари, археологлар катта қизиқиш билан қарайди.

Кейинги йигирма йил мобайнида қорақалпоғистонлик археолог олимлар Австралия халқаро экспедицияси билан ҳамкорликда Ақчахонқалъа археологик мажмуасида қазиш ишлари олиб борди.

– Натижада улкан сарой деворлари очилди, – дейди археолог олим, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Ғ.Хўжаниёзов. – Ана шу деворларга ишланган 4-5 хил рангдаги сурат ва портретлар хорижлик машҳур олимлар эътиборини тортмоқда. Ҳозирга қадар деворга ишланган мингга яқин суратларнинг қисмлари топилди. Уларнинг 30 дан зиёдини археологик жиҳатдан бус-бутун дейиш мумкин. Реставраторлар томонидан қайта тикланган суратлар орасида баландлиги қарийб 6 метр бўлган археологик топилма нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунёда эътиборга молик воқеа бўлди. Бу ноёб топилмаларни Европа ва Америка олимлари катта қизиқиш билан ўрганмоқда.

Анжуманда Жанубий Оролбўйининг этно-археологияси, ота-боболаримиздан қолган маданий меросни ўрганишнинг янги илмий асослари, уларни кенг жамоатчиликка таништириш, минтақа тарихини ўқитишнинг замонавий усуллари ҳақида маърузалар тингланди.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
10 281