ЎзА Ўзбек

14.08.2018 13:03 Чоп этиш версияси

Жанубий Кореянинг етакчи тиббиёт клиникалари Ўзбекистонда ўз филиалларини очади

Жанубий Кореянинг етакчи тиббиёт клиникалари Ўзбекистонда ўз филиалларини очади

“Тараққиёт стратегияси” маркази илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, нуфузли ташкилотлар ҳамда соҳа мутахассислари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, синовдан муваффақиятли ўтган лойиҳаларни Ўзбекистонда татбиқ этишга қўмаклашиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 майдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини танқидий ўрганиш ва уни тубдан такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлашни ташкил этиш тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ, бугунги кунда Ўзбекистон тиббиётини тубдан такомиллаштириш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бунда мавжуд муаммолар, соҳа экспертларининг фикрлари ҳамда хориж мамлакатларининг энг илғор тажрибалари ўрганилмоқда.

Шу кунларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Жанубий Кореянинг бир қатор тиббиёт масканлари ҳамда ижтимоий муассасалар фаолияти билан яқиндан танишмоқда.

Делегация аъзолари йирик тиббиёт муассасалари – Пучон шаҳри марказий поликлиникаси ва кўп тармоқли шифохонаси, Кванжу шаҳар тез тиббий ёрдам марказларида аҳолига кўрсатилаётган тиббий ва ижтимоий хизматларни ўрганди.

Ташриф давомида Жаҳон тадқиқотлар марказининг Марказий Осиё институти директори Юнг Хун Чо, Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири фахрий маслаҳатчиси Ким Юнсе, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири маслаҳатчиси – Ажу университети президенти Юн Таек-Рим билан учрашувлар ўтказилди. Музокаралар давомида мамлакатимиз вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, соғлиқни сақлаш тизимидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берди. Ўзбекистонда тиббиётни тубдан такомиллаштириш концепцияси ишлаб чиқилаётгани ва бунда тиббиёт соҳаси энг ривожланган давлатлардан бири бўлган Жанубий Корея тажрибасини ўрганиш муҳим экани таъкидланди.

Жанубий Кореянинг кадрлар тайёрлаш тизими билан ҳам яқиндан танишилди. Хусусан, ўзбекистонлик мутахассислар Ажу университети, унинг тиббиёт маркази ва шифохонаси, Чоннам миллий университети ва унинг қошида ташкил этилган шифохонага ташриф буюриб, замонавий таълим тизими ҳамда амалиёт жараёнлари билан танишди. Чоннам миллий университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашув ташкил этилиб, уларга яратилган шароитлар ҳақида суҳбатлашилди.

Бундан ташқари, Миллий тиббиёт суғурта хизматлари минтақавий офиси раҳбари Ким Бэк-су билан учрашув ўтказилди. Унда Корея Республикасидаги тиббий суғурта тизими фаолияти, хизмат кўрсатиш механизмлари ҳақида фойдали маълумотлар тўпланди. Чонг хусусий тиббиёт бирлашмаси фаолияти, мижозларга кўрсатилаётган хизматлар ўрганилди.

Шу кунга қадар ўтказилган 15 дан зиёд учрашув ва музокаралар якунлари бўйича қатор келишувларга эришилди. Жумладан, Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг етакчи тиббиёт олий ўқув юртлари ва клиникаларининг филиалларини ташкил этиш, шунингдек, ўзбекистонлик шифокорларнинг Жанубий Кореяда қисқа муддатли малака ошириши бўйича дастурларни йўлга қўйишга келишиб олинди. Музокараларда таъкидланганидек, бу, энг аввало, Ўзбекистонда малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда соҳа вакиллари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш йўлидаги яна бир катта қадам бўлади.

Ўзбекистон делегацияси ташриф доирасида Жанубий Корея Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот, Озиқ-овқат ва дори воситалари хавфсизлиги вазирликларида музокаралар ўтказади ҳамда Квандон университети қошида ташкил этилган тиббиёт университетига ташриф буюради.

Ташриф давомида, шунингдек, Ўзбекистонга инвестиция киритиш ниятидаги кореялик йирик сармоядорлар, нуфузли компания вакиллари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

“Тараққиёт стратегияси“ маркази
матбуот хизмати

ЎзА
6 388