ЎзА Ўзбек

18.06.2020 Чоп этиш версияси

Жанубий Корея билан меҳнат муҳожирларига кўмаклашиш масаласи муҳокама этилди

Жанубий Корея билан меҳнат муҳожирларига кўмаклашиш масаласи муҳокама этилди

Ўзбекистоннинг Сеул шаҳридаги элчихонаси вакиллари ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Кванжу шаҳридаги ваколатхонаси ходимлари хорижий давлатлардан келган ишчиларга кўмаклашиш масалаларига бағишланган конференцияда иштирок этди.

Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан ташкил этилган тадбирга чет давлатлар дипломатик миссия вакиллари, шунингдек Корея аэрокосмик корпорацияси ва Кёнгсам-намдо провинцияси мэрияси раҳбарияти таклиф этилди.

Учрашув иштирокчилари Жанубий Корея ҳудудида ўз меҳнат фаолиятини олиб бораётган хорижлик ишчиларга коронавирус пандемияси даврида ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш масалаларини муҳокама қилишди.

Тадбир доирасида дипломатик миссиямиз ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимлари Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати раҳбарияти билан учрашди. Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари бўйича ахборот алмашилди. Жумладан, мезбон томонга Жанубий Кореядан юртимизга таътилга келган, айни пайт авиа қатновлар бекор қилиниши муносабати билан ўз иш жойларига қайта олмаётган ватандошларимиз муаммолари хусусида батафсил маълумот берилди.

Ўзбекистон томони 11 июнь куни ташкил этилган Тошкент-Сеул-Тошкент йўналишидаги чартер рейс орқали 30 нафар Ўзбекистон фуқаросининг Корея Республикасидаги иш жойларига қайтишида кўрсатилган ёрдам учун миннатдорлик билдирди.

Мулоқотлар натижасида мазкур йўналишдаги ҳамкорликни давом эттириш, шунингдек карантин шароитида ўзбек меҳнат муҳожирларига маҳаллий иш берувчилар томонидан моддий ёрдам кўрсатилиши имкониятини кўриб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Тадбир доирасида, шунингдек Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати, Корея аэрокосмик корпорацияси ва Кёнгсам-намдо провинцияси мэрияси ўртасида чет эллик ишчиларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида Меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжат юқорида номлари келтирилган ташкилотларнинг, жумладан, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига ҳам фаол кўмаклашиш мақсадида ҳамкорлик қилишини назарда тутади.

2 563
ЎзА