ЎзА Ўзбек

24.08.2018 17:45 Чоп этиш версияси

Жаноб, Фарғонага бир келинг!

Жаноб, Фарғонага бир келинг!
gazeta.uz сайтида берилган Н.Макаренконинг мақоласини ўқиган одам таажжубга тушиши аниқ. Бир ёқлама, нохолис ёзилган бу мақолага кўпчилик ҳақли эътирозларни билдирмоқда. Тўғри, фикр билдиришга ҳеч ким қарши эмас. Аммо фикрда ҳам асос ва мантиқ бўлиши керак эмасми?

Бугун Ўзбекистонни қайси бир шаҳрига борманг, ўзгаришларни, янгиланишларни гувоҳи бўласиз. Бир пайтлар халқимиз дам олиш, сайр қилиш деган нарсаларни унутиб ҳам қўйган эди. Ҳозир-чи? Бир-биридан кўркам хиёбонлар, дам олиш масканлари, мусиқали фавворалар аҳоли хизматида. Нафақат, бу ишлар пойтахтда, юртимизнинг энг чекка ҳудудида ҳам амалга оширилаётганини барча кўриб, билиб турибди.

Узоққа бормай, ўзим яшаётган жойдан гапирай. Фарғона вилояти марказини кеч тушиши билан бир томоша қилинг. Одамлар хиёбонлар томон ошиқади. Мусиқали фаввораларда янграётган тароналар ҳар бир кишига ҳузур бағишлайди. Айниқса, шу кунларда Ислом Каримов номидаги Театр-концерт саройининг хиёбони оқшомда фарғоналиклар ҳамда меҳмонлар билан янада гавжум бўлмоқда. “Мустақиллик оқшомлари” тадбирлари барчани мамнун этмоқда. Буни барча яхши ҳис этиб турибди.

– Ҳар куни фарзандларимни олиб кечга сайрга чиқишга одатланганмиз, – дейди меҳнат фахрийси Ҳасанжон Пўлатов. – Баъзан дам олиш масканларидан жой тополмай ҳам қоласиз. Кафелар, ресторанлардаги хизмат чет элникидан қолишмайди. Хизмат кўрсатиш ва сервис ривожланиб бормоқда. Яқинда шаҳримизда “Фестиваллар маркази” ишга тушди. У ерда муз саройи ҳам бор. 

Дарҳақиқат, гўзал Фарғона ҳар куни янги манзаралар ичра янгиланиб бормоқда. Илгари тор йўлакларда чинор барги хазонларини кўришга кўникиб кетган кўзлар бугун яратувчиликнинг ёруғ изларидан яйрамоқда. Вилоят маркази қиёфасини тубдан ўзгартириб юборган ойдин кўчалар, муҳташам бинолар фарғоналикларнинг ғурури ва қадриятларини ўзида мужассам этган.

Албатта ҳали баъзи бир муаммолар бор. Вақти соати келиб улар ҳам ўз ечимини топар. Тунги клубларни тартибга солиш, спиртли ичимликларнинг сотиш вақтини чеклаш дегани бу инсон эркини чеклаш эмас-ку ахир? Буни ҳам баъзилар нотўғри талқин қилмоқда.

Ичкиликбозлик энг ёмон иллатлардан биридир. Шунинг учун ҳам жамоатчилик томонидан спиртли ичимликларни сотиш вақтини чеклаш борасида таклифлар билдирилмоқда.

– Алкоголик оқибатида касалланганлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда, – дейди Фарғона вилояти наркология диспансери бош шифокори Ойбек Дадабоев. – Сўнгги олти ой ичида вилоят бўйича 4 минг 800 нафар фуқаролар назоратда туришибди. Шулардан 1 минг 200 нафари наркологик касалликлар билан даволанмоқда.

Мастлик оқибатида содир этилаётган жиноятлар туфайли баъзан бегуноҳ инсонлар бир умрга ногирон бўлиб қолмоқда, ҳаётдан бевақт кўз юмяпти. Бундан ташқари, ичкиликнинг оқибатида кўнгилсиз воқеалар ҳам кўплаб содир этилаётир. Мисол учун, Фурқат туманида яшовчи Ф.М. 12 август тунги вақтда маст ҳолатда уйи яқинида ариқ устидаги бетон кўприкка йиқилган ва воқеа жойида вафот этган. Бунинг оқибатида икки нафар фарзанди етим қолди.

Ҳар бир юртнинг, ҳар бир шаҳарнинг ўз қадриятлари бўлади. Буни унутишга ҳеч кимни ҳаққи йўқ. Тунги клублардаги ярим-яланғоч, ўзини беҳаёларча тутаётган ёшлар-бизнинг фарзандларимиз. Уларни тақдири учун қайғуриш ҳам биз учун керак. Шунинг учун тунги клублардаги нохуш ҳолатлар ҳам барчамизни сергак торттиргани бор гап. Уларни фаолиятини ҳам тартибга солиш вақти келди. Бу билан шаҳардан кўчиб кетиш шарт эмас-ку ахир?

Жаноб Макаренко, яхшиси Фарғонага ҳам бир келинг. Одамларни кайфиятини кўринг. Кейин хулоса чиқариш ўзингиздан.

М.Сулаймонов, ЎзА
11 529