ЎзА Ўзбек

23.01.2020 Чоп этиш версияси

Жангчи-фахрийларга қандай имтиёзлар керак?

Жангчи-фахрийларга қандай имтиёзлар керак?
Давр нафаси

Афғон уруши қатнашчилари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида 2366 нафар Афғон уруши қатнашчиси бўлиб, шундан 89 нафари уруш даврида ҳалок бўлган. Бўлимимиз томонидан ўтган йиллар мобайнида вафот этган аскарларнинг оила аъзоларини, барча қатнашчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор чора-тадбирлар олиб борилди.

Жумладан, Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлимига 2019 йил давомида асосан саломатликни тиклаш, гувоҳномалар тайёрлаб бериш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва бошқа масалаларда 200 дан зиёд мурожаат келиб тушган бўлса, шундан деярли барчаси ижобий ҳал этилди. Нукус шаҳар ҳарбий прокуратурасининг ташаббуси билан ўтган йили Афғон уруши қатнашчилари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Шунингдек, бўлимимизнинг “Мен ўз Ватанимни севаман, унинг тарихи билан, тинчлик ва осойишталик ҳимоячиси бўлган Қуролли Кучлари билан фахрланаман” лойиҳаси 2016 йилда ҳамда “Меҳнатсевар оилам” мавзусидаги лойиҳаси 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қуватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган Давлат грантлари танловида ғолиб бўлди.

Албатта, бугунги кунда Афғон уруши қатнашчилари ҳаётида ҳам айрим муаммолар учраб туради. Шу нуқтаи назардан давлатимиз раҳбари томонидан парламентга йўлланадиган Мурожаатномадан ҳамда жорий йилнинг қандай номланишидан жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси аъзолари ҳам катта ўзгаришлар кутмоқда.

Бугунги кунда Афғон уруши қатнашчиларининг аксариятидан саломатликларини тиклаш талаб этилади. Уларга ҳукуматимиз томонидан имтиёзлар белгиланган. Аммо, бу етарли эмас. Шунинг учун ҳам, Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги томонидан уларга алоҳида имтиёз белгиланса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 27 мартдаги “2003 йил 1 апрелидан бошлаб уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича бериладиган имтиёзлар ўрнига компенсация пул тўловларини жорий этиш тўғрисида”ги фармони асосида уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловлари суммаси жисмоний шахсларнинг жами даромадига қўшилиши ҳамда иш ҳақи (пенсиялар) тўланадиган муддатларда тўланиши белгилаб қўйилган. Бугунги кунда Афғон уруши қатнашчиларининг аксарияти ишсиз, ногиронлиги бўлган шахслар ҳисобланади. Шунинг учун, мана шу имтиёз уларга ҳам қўлланилса, катта ёрдам бўлар эди. Шунингдек, оғир меҳнат турлари билан шуғулланадиган жангчи-фаҳрийларга имтиёзли пенсияга чиқиш белгиланса, деган таклифимиз бор.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 январдаги фармойиши билан Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси ташкил этилганининг 25 йиллиги кенг нишонланди. Шу муносабат билан Тошкент шаҳридаги Хотира майдонида Мотамсаро она ҳайкали қошида Эсдалик китоби ўрнатилиб, унга Афғон урушида ҳалок бўлган 1545 нафар ҳамюртимизнинг исми-шарифи киритилди. Мана шундай Эсдалик китоби Нукус шаҳридаги Мотамсаро она ҳайкали қошида ҳам ўрнатилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу биринчидан ҳалок бўлган ҳамюртларимиз хотирасига ҳурмат бўлса, иккинчидан ўсиб келаётган ёш авлодни Ватанпарварлик, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялашга, бугунги тинч ва озод ҳаёт қадрини янада чуқурроқ ҳис қилишга хизмат қилади.

Бобур ТАДЖИМОВ,
Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари
Бирлашмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими Кенгаши раиси

4 406
ЎзА