ЎзА Ўзбек

02.08.2018 23:15 Чоп этиш версияси

Жамоатчиликка ҳисобот берилди

Миллий матбуот марказида Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг жорий йилнинг ўтган даври мобайнида амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботи тингланди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида 5 та мажлис ўтказилиб, уларда қўмита ваколатларига тааллуқли 18 та масала, шу жумладан, бюджет, молия соҳаси ва иқтисодий ислоҳотларга доир 3 та қонун кўриб чиқилган.

Қўмита томонидан ўтказилган конференция ва семинарлар доирасида валюта сиёсатини эркинлаштириш масалалари, солиқ сиёсатининг замонавий йўналишлари, қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш истиқболлари, рақамли иқтисодиёт шароитида корпоратив бошқарувни ривожлантиришнинг асосий тенденциялари, банк-молия секторини инновацион ривожлантиришнинг турли жиҳатлари муҳокама этилди, шунингдек, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти кенг тушунтирилди.

Қўмита аъзолари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг 8725 та мурожаати кўриб чиқилди. Кўтарилган масалаларни ҳал қилиш учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига сенаторларнинг 40 та мурожаати юборилди. Натижада фуқароларнинг йиллар давомида йиғилиб қолган кўплаб муаммолари ечим топди.

Умумий ҳисобда Сенатда ва жойларда 3500 та қабул амалга оширилди, жумладан, Қўмитада доимий асосда ишловчи сенаторлар томонидан 79 нафар фуқаро қабул қилинди.

* * *

Миллий матбуот марказида Олий Мажлис Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг жорий йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти якунлари ва устувор йўналишларига бағишланган матбуот анжумани ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирда таъкидланганидек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Қўмита томонидан “Жамоатчилик назорати тўғрисида” ҳамда “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар март ойида ўтказилган ялпи мажлис муҳокамасига киритилди.

Шу билан бирга, Қўмита томонидан халқ билан мулоқотни қўллаб-қувватлаш, сайловчилар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, ўтган давр мобайнида сайловчилар билан 384 та учрашув ўтказилди, 638 нафар фуқаро қабул қилинди ва 5342 та ёзма мурожаат кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг кўпчилиги назоратга олинди, кўтарилган масалаларнинг самарали ҳал этилиши таъминланди.

Қўмита аъзолари матбуот анжумани иштирокчиларининг барча саволларига жавоб қайтардилар.

Инобат Аҳатова, ЎзА
6 558