Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.11.2017 17:21 Чоп этиш версияси

Жамоатчилик назорати: амалиёт ва самара

Бухоро давлат университетида "Ўзбекистонда жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбир Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят кенгаши томонидан ташкил этилди. Унда партия ташкилотлари раҳбарлари, соҳа мутахассислари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, фаоллар, зиёлилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Давлат органларида ишлаётган ҳар бир ходимнинг ўз фаолияти жамоатчилик назоратида эканини ҳис этиши ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг асосий шартларидан биридир. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда мазкур назоратнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич ўтказилмоқда. Хусусан, мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ Конституциямизда давлатнинг жамият олдидаги масъуллиги белгилаб қўйилди.

2014 йил 16 апрелда Асосий қонунимизнинг қатор моддаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар билан жамоатчилик назоратига конституциявий мақом берилди. Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга ошириладиган Давлат дастурида жорий йилда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Бу лойиҳа фуқароларнинг давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш орқали Конституциямизда кафолатланган жамият ва давлат ишларини бошқаришга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилиши билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Бундай назорат 4 субъект, яъни Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари томонидан амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, лойиҳада жамоатчилик назоратининг объекти, асосий принцип ва шакллари белгиланди. Унга мувофиқ қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, қарорлар, тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурларида жамият манфаатлари ҳамда жамоатчилик фикрининг ҳисобга олиниши, жамият, фуқаролар, юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бажарилишини таъминлаш, улар зиммасига юклатилган жамият манфаатларига дахлдор вазифалар ижроси, ижтимоий шериклик доирасидаги битимлар, шартномалар, лойиҳа ва дастурларнинг амалга оширилиши жамоатчилик назоратининг объекти ҳисобланади.

“Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ўз мазмун-моҳияти ва аҳамияти билан Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси дастурий мақсад-вазифаларига уйғун ва ҳамоҳанг. Партия ғояларини, сайловолди платформасида белгиланган вазифаларни амалга оширишда жамоатчилик назорати институти муҳим ўрин тутади.

Тадбирда қонун лойиҳаси бўйича атрофлича фикр алмашилди, Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтирилди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
1 887






Все о погоде - Pogoda.uz