Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2018 10:25 Чоп этиш версияси

Жамоатчилик фикри – одил судлов асоси

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, қонун устуворлигини, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда назорат идоралари фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.

Ушбу ҳужжат асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар судларни ихтисослаштириш, суд аппаратини мустаҳкамлаш, судьяларга ғайриқонуний тарзда таъсир ўтказишга йўл қўймаслик бўйича таъсирчан чоралар кўриш, суднинг мустақиллиги ва беғаразлиги, суд процессида томонларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилик тамойилларини ҳар томонлама татбиқ этишда муҳим омил бўлмоқда.

Жумладан, мамлакатимизда Судьялар олий кенгаши таъсис этилиб, судьяларни танлаш ва тайинлашда ноқонуний аралашувларнинг олди олинди, очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизими яратилди. Бу лавозимга муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий этилиб, уларнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мустақиллиги кафолатлари кучайтирилди. Жойларда маъмурий ва иқтисодий судлар ташкил этилгани ҳам фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини оширди.

Судьялар фаолиятига биринчи навбатда, аҳолидан тушаётган шикоятлар сони, уларнинг халқ билан мулоқот қилиб, одамларни қийнаётган муаммоларни қандай ҳал этаётганига қараб холисона баҳо бериш тартиби йўлга қўйилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар судлари раислари, ўринбосарлари лавозимига номзодларни тайинлашдан олдин фаоллар йиғилишида жамоатчиликка муқобил номзодлар тавсия этиб, танлов ўтказиш тартиби қўлланилаётгани ҳам уларнинг қонун устуворлигига масъуллик, ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Термизда ўтказилган Сурхондарё вилояти фаоллари йиғилишида вилоят иқтисодий судининг раиси лавозимига тавсия этилган икки нафар муқобил номзод ўз режалари акс этган “йўл харитаси”ни тақдим қилди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси М.Усмонов ва бошқалар Президентимиз ташаббуси билан суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловга эришишда юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Тадбирда Сурхондарё вилояти иқтисодий суди раиси лавозимига тавсия этилган Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Н.Худоёров ва Қашқадарё вилояти Косон туманлараро иқтисодий суди раиси А.Садиров ўзининг “йўл харитаси” тақдимотини ўтказди. Ушбу лавозимга тайинлангудек бўлса, судьялар қасамёдига содиқ қолиб, Президент ва халқ ишончини оқлаш, Ватанга муносиб хизмат қилишга ваъда берди. Иштирокчиларнинг саволларига жавоб қайтарди.

Номзодларнинг касбга оид билими, ишчанлик маҳорати, тажрибаси ва бошқа фазилатларига эътибор қаратилган йиғилишда “Нуроний” жамғармаси Сурхондарё вилояти бўлими раиси М.Абдуллаев, Олий Мажлис сенати аъзоси Ш.Орипова, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати С.Турсунов ва бошқалар сўзга чиқиб, муносиб номзодга ўз танловини амалга оширди.

Фаоллар йиғилишида Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
5 637