ЎзА Ўзбек

26.01.2020 Чоп этиш версияси

Жамоатчилик биздан улкан ислоҳотларни кутмоқда

Жамоатчилик биздан улкан ислоҳотларни кутмоқда
26 январ – Божхона ходимлари куни

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга тарихий Мурожаатномасини биз – Сирдарё вилояти божхоначилари ҳам жуда катта эътибор ва диққат билан тингладик.

Бугун дунёда кечаётган глобаллашув ва иқтисодий – сиёсий интеграциялашув жараёнлари мамлакат халқаро муносабатларни ва ташқи иқтисодий фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, барча тизимлар, жумладан божхона соҳасида ҳам улкан ислоҳотларни амалга ошириш вазифаси зиммамизга юкланди.

Дарҳақиқат, давр биздан давлат божхона хизмати органларида ҳам пайсалга солмай туб бурилишларни, янгиланишларни, илм, маърифатни, рақамли иқтисодиётни, тадбиркорликни ривожлантириш, бизнес муҳитни янада яхшилаш йўлида шиддатли ислоҳотларни амалга оширишни талаб этади.

Бу ислоҳотларда давлат божхона хизмати органларининг иштироки давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, жамоатчилик кўриб, кузатиб боради.

Кейинги 3 йилда соҳада бир қатор аниқ амалий ишларга қўл урилди. Божхоначилар бугун тадбиркорларнинг ҳамкори, ёрдамчиси сифатида янгича қиёфада намоён бўлмоқда.

26 январь Божхоначилар-3.jpg

Сирдарё вилояти божхона бошқармасида ҳам ўз касбини севадиган, фидоий ва жонкуяр ходимлар хизмат қилиб келмоқда. Бошқарманинг божхона хизмати подполковниги Тоҳир Деҳқонов бошчилигидаги Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими бошлиғи ходимлари томонидан 2019 йил давомида жами 83 марта божхона қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, умумий қиймати 2 миллиард 229 миллион 600 минг сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида ушлаб қолинган. Шулардан, 625 миллион 700 минг сўмлик 244 минг 46 дона пиротехника воситалари, 221 миллион 600 минг сўмлик тиббиёт дори воситалари, гиёҳвандлик моддаси ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айлануви бўйича жами 6 та ҳолатда 70 туп наша, 2 минг 201 грамм “марихуанна”, 1,6 грамм “гашиш” гиёҳвандлик моддаси ҳамда 11 дона психотроп таблетка ашёвий далил сифатида олиниб, қурол-аслаҳа ва ўқ-дориларнинг ноқонуний айлануви билан боғлиқ 3 дона ов қуроли, 1 дона пневматик қурол, 22 дона гильзалар, 21 дона капсула, 39 дона патронлар ва 6 минг 633 дона пистонлар ашёвий далил тариқасида ушлаб қолинган.

Божхона хизмати майори Акбар Аҳмедов бошчилигидаги Божхона назоратини ташкил этиш бўлими йўналишида ҳам 2019 йил давомида ижобий натижаларга эришилди. Жумладан, “Авто” автоматлаштирилган ахборот дастурида 28 минг 533 та ва “Темир йўл” автоматлаштирилган ахборот тизими дастурида 1 минг 556 та Юкни етказиб бериш китобчасини назорат қилиш журналлари, 1 минг 280 та Божхона кузатуви далолатномалари ва автотранспорт воситалари учун 26 минг 976 та мажбуриятномалар расмийлаштирилиб, 4 минг 275 та транспорт воситалари учун 467 миллион 300 минг сўм йиғимлар ундирилган ҳолда, божхона кузатуви амалга оширилди.

Божхона органларининг асосий вазифаларидан бири бўлган, божхона тўловларини ундирилиши бўйича белгиланган истиқболли режаларни бажарилишида божхона хизмати майори Бекзод Турсунматов бошчилигидаги Божхона тўловлари бўлими ходимлари ва “Гулистон”, “Сайхун” ва “Ховос” ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари ходимлари томонидан 2019 йилга белгиланган истиқбол режа кўрсаткичларини бажариш бўйича ижобий ютуқларга эришилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги қарорига асосан ДБҚ томонидан 2019 йил учун белгиланган божхона тўловларининг тушуми бўйича 90 миллиард 200 миллион сўм истиқбол режа 107 миллиард 900 миллион сўмга ёки 119,6 фоизга бажарилди.

Ҳозирги кунда ҳар жабҳада эркаклар билан ёнма-ён туриб, эл-юрт корига яраб, чегараларимизда астойдил хизмат қилаётган аёллар кўпчиликни ташкил этади.

2019 йил давомида аёлларимиз томонидан умумий қиймати 138 миллион 700 минг сўмлик 71 марта божхона қонунчилигининг бузилиш ҳолатлари аниқланган.

Шу билан бирга “Сирдарё” чегара божхона пости инспектори, божхона хизмати лейтенанти Аслиддин Мустафаев томонидан 2019 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистондан Россия Федерациясига ҳаракатланаётган фуқаро Р.У. бошқарувидаги “Ласетти” русумли автоуловини божхона кўригидан ўтказиш натижасида божхона назоратига тақдим этилмаган, оғзаки сўровда маълум қилинмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган жами 47 та буюмлар, яъни 45 дона чинни ҳайкалчалар, кўзалар ва вазалар, 1 дона хоч ва 1 дона икона борлигини аниқлади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига қарашли Бадиий экспертиза бошқармасининг ўрганишлари натижасида ушлаб қолинган буюмларнинг умумий қиймати 2 миллиард 200 миллион сўмни ташкил этиши, 47 дона чинни ҳайкалчалар, кўзалар, вазалар, хоч ва иконалар XVII, XVIII, XIХ ва XX асрнинг бошларида Хитой, Германия, Чехия ва Украина давлатларида ишлаб чиқарилганлиги ва ушбу буюмлар Ўзбекистон Республикасининг “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги Қонунинг 8-моддасига асосан олиб чиқилиши мумкин эмаслиги аниқланди.

Ушбу фидоий, жонкуяр ва ватанпарвар ходимларимиз қаторида барча божхоначиларни — 26 январь Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни муносабати билан табриклаймиз, қутлуғ байрам билан жамоамиз номидан самимий муборакбод этиб, уларга соғлик-омонлик, бардамлик, оилавий хотиржамлик, эзгу ният билан амалга ошираётган ишларида улкан ютуқлар тилаб қоламиз.

Шуҳрат ХАЙРУЛЛАЕВ,
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси
бошлиғи, божхона хизмати полковниги

1 185
ЎзА