Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

11.09.2018 19:46 Чоп этиш версияси

Жамоатчилик билан ҳамкорликда

Жамоатчилик билан ҳамкорликда
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 22 августдаги “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида бюджет маълумотларининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш, бюджет маблағларининг шаклланиши ҳамда сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, эндиликда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг бюджет соҳасидаги ваколатлари доирасида Давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этиш юзасидан тақдим этиладиган хулосалари мажбурий тартибда эълон қилинади.

Биринчидан, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари бўйича хулоса берилади. Унда мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози (ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари ва тармоқлар бўйича таркиби, инфляция даражаси, олтин-валюта захиралари, республикадаги истеъмол ҳажми, ташқи савдо айланмаси ва бошқалар) таҳлил қилиниб, асосий устувор йўналишлар, яъни иқтисодиётни эркинлаштириш ва фаол инвестицион сиёсатига мувофиқлиги баён қилинади.

Шунингдек, солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича солиқ ставкаларининг ўзгариши, уларнинг Давлат бюджетига, солиқ тўловчиларга, фуқароларга таъсири, солиқ базасини кенгайтирган ҳолда солиқ юкини пасайтириб бориш, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг асосий даромад манбалари, олдинги йил кўрсаткичларига нисбатан ўзгариши ва ялпи ички маҳсулотга нисбати таҳлил қилинади.

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари харажатларининг таркиби, уларнинг асосли шакллантирилгани ва аниқ мақсадга йўналтирилиши, ижтимоий соҳалар, давлат ва ҳудудий ривожлантириш дастурлари доирасида (соғлиқни сақлаш, олий таълим, халқ таълими, мактабгача таълим, болалар спорти, маданият, коммунал соҳа, йўл ва транспорт, сув хўжалиги соҳаларидаги лойиҳалар, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла”, аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш дастурлари) зарур бўлган харажатларни молиявий манбалар билан таъминланганлиги кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ҳамда ташрифлари давомида берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг харажатлари параметрларида етарли маблағларнинг кўзда тутилгани, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жараёнида давлат қарзи, давлат бюджети тақчиллиги таҳлил қилиниб, хулосалар баён қилинади.

Иккинчидан, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот юзасидан ҳар йили 10 майга қадар ташқи аудит ва баҳолаш натижалари бўйича Ҳисоб палатасининг хулосаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.

Бу хулосада Президент қарори билан тасдиқланган макроиқтисодий кўрсаткичлар, республика ва маҳаллий бюджетлар ҳамда давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари ва харажатларининг реал ижроси, уларни амалга оширишда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинганлиги юзасидан ўтказилган ўрганиш натижалари акс эттирилади.

Президентимизнинг мазкур қарорига асосан Молия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 январга қадар алоҳида “Очиқ бюджет” ахборот порталини ишга туширади.

Ушбу порталга бюджет харажатларининг манзиллилиги устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида, Давлат бюджети ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари, шунингдек, Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар, улар юзасидан Ҳисоб палатасининг хулосалари жойлаштирилади.

Фуқароларимиз учун эса мазкур портал орқали бюджет қонунчилигининг бузилиш ҳолатлари тўғрисида хабардор қилиш ҳамда бюджет жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш имконияти яратилади. Эндиликда Ҳисоб палатасининг хулосаларини тайёрлашда яна битта йўналиш, яъни “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали фуқаролардан келиб тушган асосли таклиф ва мулоҳазаларни Давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этишда инобатга олинганлигига алоҳида эътибор қаратилади.

Бу фуқароларга нима беради?

Биринчи навбатда, аҳоли ўзи тўлаётган солиқлар ва улар қандай мақсадларга сарфланаётганини, давлат харажатларининг шаклланиши ва уларнинг тақсимланиши тўғрисидаги маълумотлардан тўлиқ хабардор бўлади. Бюджет лойиҳаси ва унинг ижроси юзасидан хулосаларнинг кенг оммага эълон қилиниши, ҳар бир фуқаро учун мол-мулк ёки иш ҳақидан нима учун солиқ олинаётгани, давлат харажатлари қай тарзда тақсимланаётгани, давлат томонидан аҳоли учун керакли шароитларни яратиш бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши тўғрисида очиқ-ойдин ахборотлар олиш имкониятини беради.

Бундан ташқари, аҳоли бюджетни режалаштириш, йўналтириш ва давлат бюджети лойиҳасини муҳокама қилишда иштирок этиш имкониятига эга бўлади.

Ривожланган ва ривожланаётган давлатларда бюджет жараёнлари бўйича назоратни амалга оширишда олий аудит органлари томонидан жамоатчилик назоратидан кенг фойдаланиш амалиёти қўлланилади. Масалан, Россия Федерацияси Ҳисоб палатаси томонидан федерал бюджет лойиҳаси йигирмага яқин йўналишлар бўйича кўриб чиқилиб, хулоса берилади ва оммага ҳавола этилади. Бунда амалга оширилган назорат тадбирлари, ўрганиш ва таҳлиллар натижалари доимий равишда бюллетень шаклида чоп этиб борилади.

Эътиборлиси шундаки, хулоса тайёрланишида Россия Федерацияси Президентининг Россия Федерациясининг Федерал мажлисида йўллаган Мурожаатномасидаги асосий вазифаларни амалга оширилиши ҳам таҳлил қилинади. Шу каби функциялар Германия Федератив Республикаси Федерал Ҳисоб палатаси, Франция Ҳисоблар Суди (Ҳисоб палатаси), Британия миллий аудиторлик идораси, Япония Ҳисоб палатаси томонидан ҳисоботлар кўринишида амалга оширилади.

Жумладан, Германия Федератив Республикасида ҳукуматнинг ҳар йилги бюджети ижроси ва келгуси молиявий йил учун даромадлари ҳамда қарзлари тўғрисидаги ҳисоботлари юзасидан текширув натижалари Парламентга тақдим этилади. Францияда Ҳисоблар Суди томонидан бюджет маблағларининг самарали сарфланиши, шу жумладан, бюджет ҳисобварақлари ҳолати бўйича назорат натижалари тўғрисидаги йиллик ҳисоботлар чоп этиб борилади.

Юқоридаги давлатларнинг ҳисоботларида бюджет даромадларининг шаклланиши ва харажатларнинг амалга оширилиши, ҳукумат томонидан белгиланган вазифаларни бажаришда бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳолати, бюджет ҳисобварақлари ҳаракати таҳлил натижалари баён қилиниб, белгиланган муддатларда ваколатли органга тақдим этиб борилади.

Бундан ташқари, Халқаро олий аудит институтлари ташкилоти (INTOSAI) томонидан ҳам олий молиявий назорат органларининг тегишли ҳисоботлари оммавий чоп этилиши ва уларни шакллантиришда жамоатчилик фикри инобатга олиниши юзасидан тавсиялар берилган.

Президентнинг юқоридаги қарорига мувофиқ, халқаро амалиётдаги илғор тажрибалардан келиб чиқиб, Давлат бюджетини шакллантириш ва ижроси юзасидан Ҳисоб палатасининг хулосалари тайёрланишида, фуқароларимиз билдирадиган таклифлар, фикр ва мулоҳазалардан кенг фойдаланиш йўлга қўйилади.

Хусусан, 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ва давлат бюджети параметрлари лойиҳаси, энг аввало, мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган асосий вазифаларни амалга оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Бунда асосий эътибор, Президентнинг “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармонида белгиланган асосий йўналишларнинг солиқ ва бюджет сиёсатига мувофиқлиги, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари харажатларининг асосли шакллантирилгани ва аниқ мақсадга йўналтирилгани, ижтимоий соҳаларнинг молиявий манбалар билан таъминлангани, бу жиҳатлар Президент қарор ва фармонлари ҳамда ҳудудларга ташрифларида белгиланган вазифаларда ўз аксини топганига қаратилади.

Бир сўз билан айтганда, Ҳисоб палатаси олий ташқи аудит ва молиявий назорат органи сифатида бюджет соҳасидаги ваколатларини кенг жамоатчилик билан бирга амалга оширади.

Нурилло Насриев, ЎзА