Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.04.2017 16:51 Чоп этиш версияси

Жамоатчилик билан алоқалар такомиллашмоқда

Мамлакатимизда халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, юртдошларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармони муҳим дастуриламал бўлаётир.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маданият саройида «Ҳаракатлар стратегияси – тараққиётнинг янги босқичи» мавзусида ташкил этилган анжуманда бу алоҳида таъкидланди.

Миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар бу борада мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Тараққиётнинг янги стратегиясида яқин беш йилликда мамлакатимиз забт этиши назарда тутилган улкан довонлар, халқимиз ҳаёт даражасини юксалтиришнинг механизмлари аниқ белгилаб берилган. Унинг асосий мақсади олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама жадал ривожланишини таъминлаш учун шароит яратиш, мамлакатни модернизация қилиш ва ҳаётимизнинг барча соҳаларини янада эркинлаштиришдан иборатдир.

– Давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган мамлакатимизни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси юртимиз ҳаётида муҳим воқелик бўлди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги шахсий таркиб билан ишлаш хизмати бошлиғининг ўринбосари А.Усмонов. – Шу асосда ҳаётга татбиқ этилаётган амалий саъй-ҳаракатлар янги тараққиёт марраларини эгаллаш, замон шиддатига мос тарзда ривожланиш, халқимиз манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Фаолияти аҳоли билан ишлаш, унинг манфаатларини таъминлаш бўлган тузилмалар янада такомиллаштирилаётгани эътиборга молик. Хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари раҳбарларининг халқ билан бевосита мулоқоти йўлга қўйилгани бунинг яққол тасдиғидир.

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича ички ишлар органларининг фаолияти тубдан такомиллашди. Бу жараёнда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга эътибор янада кучайди. Соҳа фаолиятини ташкил этишга замон талабларига жавоб берадиган янги ёндашувлар татбиқ этилмоқда. Жиноятчиликка қарши курашишга кенг жамоатчиликни жалб қилиш, профилактика инспекторларининг бевосита аҳоли орасида иш олиб боришини ташкил этишга доир чора-тадбирлар кутилган самарани бера бошлади. Жорий йилнинг ўтган даврида 5,2 мингдан зиёд маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилмагани фикримизни тасдиқлайди.

Ички ишлар вазирлиги, соҳавий хизматлар масъул ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган тадбирда ички ишлар органлари олдида турган долзарб вазифалар ва уларнинг ижроси билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
3 784






Все о погоде - Pogoda.uz