ЎзА Ўзбек

29.08.2018 20:01 Чоп этиш версияси

Жамият фаолияти такомиллашмоқда

Жамият фаолияти такомиллашмоқда
“KAFOLAT sug`urta kompaniyasi” акциядорлик жамияти 1997 йилдан буён фаолият кўрсатмоқда. Юридик ва жисмоний шахслар бўйича 600 дан ортиқ акциядорига эга жамиятнинг активлари ҳажми ҳозирги кунда қарийб 122,2 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Дастлаб мажбурий ва ихтиёрий суғурта соҳасининг 25 тури бўйича хизмат кўрсатилган бўлса, айни кунда улар сони юздан ошиқдир.

Жамиятнинг жойларда 48 минтақавий тармоғи мавжуд бўлган бўлса, жорий йилнинг олти ойида улар сони яна 15 тага кўпайди. 

Бугунги кунда ўз нуфузига эга акциядорлик жамияти фаолияти “SAIPRO” ахборот-рейтинг агентлигининг энг юқори молиявий кўрсаткич – “uzA++” рейтинги ва “Fitch ratings” халқаро рейтинг агентлигининг “Барқарор” истиқболи билан В+” рейтинги билан баҳоланган. Бундай эътироф эса компания учун янги маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб этиш, халқаро молия институтлари билан истиқболли ҳамкорлик алоқалари кўламини кенгайтиришда муҳим омилдир.

photo5201873405060688322.jpg

Миллий матбуот марказида ташкил этилган навбатдаги анжуманда ушбу акциядорлик жамиятида амалга оширилган бу каби ютуқлар, суғурта даъволарини кўриб чиқиш ва соҳани оптималлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Акциядорлик жамияти бошқаруви раиси С.Насретдинов ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар бошқа соҳалар қаторида суғурта компаниялари фаолиятини такомиллаштириш ҳамда мижозларга қулайликлар яратишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 9 октябрдаги “Кафолат суғурта компанияси” акциядорлик жамияти фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўйича муҳим вазифа ва йўналишлар белгиланган. Унга кўра, жамият ходимлари аҳолининг кенг қатлами ўртасида суғуртанинг мажбурий ва ихтиёрий хизматларини тарғиб этиш бўйича учрашув, семинар ва давра суҳбатлари ўтказмоқда. Жамият Савдо-саноат палатаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ёнғин хавфсизлиги хизмати ва қатор ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида имзолаган битимлар мақсади ҳам шу ҳужжат ижросига қаратилган.

– Амалга оширилаётган суғурта қопламаларининг асосий қисми мажбурий суғурта турлари, яъни транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича келиб тушган суғурта даъволарига тўғри келмоқда, – деди жамиятнинг суғурта даъволарини кўриб чиқиш департаменти бош менежери Наргиза Мамажанова. – Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича шу йилнинг биринчи ярим йиллигида 1362 суғурта даъвоси кўриб чиқилиб, улар бўйича 3,8 миллиард сўмдан ортиқ суғурта қопламаси тўланди. Бу ўтган йилнинг кўрсаткичига нисбатан 142 фоизга кўп деганидир.

Тадбирда жамият фаолиятида ахборот-коммуникация технологиялари ўрни ва аҳамияти, бу борада эришилган ютуқлар ва галдаги режалар хусусида ҳам батафсил ахборот берилди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
4 491