ЎзА Ўзбек

02.09.2019 Чоп этиш версияси

Жалолиддинни Чингизхон чангалига туширган ҳам, ундан қутқарган ҳам от эди

Жалолиддинни Чингизхон чангалига туширган ҳам, ундан қутқарган ҳам от эди

Ушбу тарихий ҳикоя Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Акбар Замонов муаллифлигидаги “Ўрта аср тарихий шахслари ҳаётининг айрим номаълум саҳифалари” номли китобидан олинди.

1221 йил баҳор-ёз ойларида Жалолиддин мўғулларга қарши аёвсиз курашга бел боғлаб, уларга бир неча марта қақшатқич зарба берганидан кейин, Ғазна (ҳозирги Афғонистоннинг шарқида, Покистонга яқин жой) яқинида, Қобул дарёси бўйидаги Парвон даштида Чингизхоннинг моҳир саркардаларидан бири – Шихи Қутуху нўён бошчилигидаги 45 минглик мўғул қўшинлари устидан ғалабага эришди.

Манбаларга кўра, бу жангда Жалолиддин қўшининг сони 60 минг атрофида бўлган ҳамда султоннинг жангда қўллаган ҳарбий тактикаси “енгилмас мўғуллар” ҳақидаги афсонани йўққа чиқарган. Лекин бу ғалабанинг ўзи Жалолиддин учун ҳалокатли бўлди.

Жанг натижасида қўлга киритилган катта миқдордаги ўлжа тақсимланиши жараёнида Жалолиддин лашкарбошилари – қанғлилардан (Туркон хотун ҳам шу уруғдан эди) Амин ал-Малик туркманлар йўлбошчиси Сайфиддин Иғроқ билан бир қимматбаҳо араби от устида талашиб қолишади (ўлжалар орасида энг ноёб улуш от ҳисобланган. Отлар зотига ва чиройига қараб бир неча минг тиллога баҳоланган).

Тортишиш пайтида қизишиб кетган Амин ал-Малик Сайфиддин Иғроқнинг бошига қамчи билан уради. Жалолиддин эса Амин ал-Маликни бу иши учун жазоламайди (Амин ал-Малик Жалолиддиннинг қайнотаси эди, балки Амин ал-Маликнинг жазоланмаганига шу ҳам сабаб бўлиши, эҳтимол). Бу номусга чидай олмаган ва қаттиқ ранжиган Сайфиддин Иғроқ ўз яқинлари бўлган лашкарбошилар – Аъзам Малик ва Музаффар Маликларни олиб, Жалолиддин қўшинини тарк этади. Бунинг натижасида хоразмшоҳ қўшини ярмига қисқаради.

Хуфиялари орқали Жалолиддиннинг ички муаммоларидан бохабар бўлган Чингизхон Султон қўшинларини қайта бирлашиши ёки уларнинг қочишига йўл қўймаслик учун бир ҳафталик йўлни икки кунда босиб ўтадиган даражада тезлик билан таъқиб қила бошлайди. Вазиятни тўғри баҳолаган Жалолиддин эса зудлик билан Ҳиндистонга ўтиб кетиш ва у ердан ўзини тиклаган ҳолда Чингизхонга қарши ҳужумни ташкил этиш учун Синд (Ҳинд) дарёси томон ошиқади.

1221 йилнинг 24 ноябрида Жалолиддин Синд дарёсига яқин келганида Чингизхон унга етиб олади ва ўртада, таъбир жоиз бўлса, XIII асрнинг энг машҳур жанги рўй беради. Жангда мусулмонлар қўшинининг марказига раҳбарлик қилган Жалолиддин қўшини ўзидан бир неча баробар кўп бўлган мўғуллар қисмини янчиб ташлайди.

Лекин Чингизхоннинг пистирмада турган 10 минг захира қўшини жангга кириши билан жанг ташаббуси мўғуллар томонига ўзгаради (Чингизхоннинг захира қўшини “кешик” деб номланиб, улар тажрибали қўмондонлардан тузилган. Чингизхон жуда зарур ҳоллардагина уларни жангга ташлаган). Қуршаб олинган Жалолиддин ярим кун мобайнида мўғуллар билан олишади. Унинг 2 та оти ишдан чиққач, рикобдорлар (ҳукмдор отини етаклаб юрувчи, ҳукмдор узангиси соҳиби) захирадаги отни келтиришади.

Ушбу отга ўтирган Жалолиддин ўраб олувчиларнинг нисбатан заиф кўринган дарё томонига от солиб, у ерни ёриб чиқади, аҳли ҳарамини ҳам Чингизхон қўлига тушмаслиги учун дарёга йўналтиради. Ўзи эса садоқатли оти билан биргаликда 18–20 метрлик жарликдан дарёга сакрайди. Чингизхон эса Жалолиддиннинг ортидан камондан ўқ узмоқчи бўлганларни тўхтатиб, унинг жасоратига лол бўлиб қолади. Шу вақтга қадар Чингизхон бундай рақибга дуч келмаган эди.

Хуллас, ўлжалар орасидаги бир қимматбаҳо от саркардалар ўртасидаги зиддиятни келтириб, умумдавлат, умумхалқ тақдири ҳал бўладиган паллада Жалолиддин имкониятларини камайтириб, унинг кучларини заифлаштирди. Кучларнинг тенг эмаслиги Жалолиддиннинг Чингизхон қуршовида маълум муддат қолишига сабаб бўлди. Иккинчи от эса уни душман қўлидан қутқариб, дарёнинг нариги соҳилига олиб ўтди.

Манбаларнинг гувоҳлик беришича, шу вақтдан бошлаб Жалолиддин мазкур отни эъзозлаб, минмасдан яна 5 йил, яъни 1226 йил ўз ажали билан ўлгунига қадар ўзи билан олиб юрди (Ҳозирги Грузия пойтахти Тбилиси эгалланиши жараёнида от ўлган эди). Шунинг учун ҳам қадимги ва ўрта аср буюк саркардаларининг ярим баҳодирлигини уларнинг отлари билан боғлаш жоиздир.

Ирода ШАМСИЕВА,
тарих фанлари номзоди, катта илмий ходим.

9 645
ЎзА