ЎзА Ўзбек

15.01.2020 Чоп этиш версияси

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Гуандун провинциясининг вице-губернатори Чжан Синь билан учрашди

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Гуандун провинциясининг вице-губернатори Чжан Синь билан учрашди

Гуанчжоу шаҳрида бўлиб ўтган учрашув дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилди. Тошкент шаҳар ҳокими Хитой томонига самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда Хитой Халқ Республикаси билан стратегик шерикчилик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари юксак қадрланишини маълум қилди.

Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, Хитой иқтисодиётига жалб қилинаётган инвестицияларда Гуандун провинциясининг ўрни муҳим эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Бугунги кунда юртимизда Гуандун провинциясининг “Huawei”, “ZTE” компаниялари муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. “Midea”, “Gree” ва “TCL” компанияларининг маҳсулоти кенг тарқалган. 

Учрашувда Гуандун компаниялари эга бўлган юқори тажриба ва илғор технологияларни Тошкентдаги ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этиш таклифи билдирилди.

Ж. Ортиқхўжаев Ўзбекистонда туристлар учун яратилган қулайлик ва имкониятларга тўхталиб, бу соҳада ҳам ўзаро алоқаларни ривожлантириш муҳимлигини қайд этди.

Гуандун провинциясининг вице-губернатори Чжан Синь ҳам ўз навбатида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги алоқалар Буюк ипак йўли орқали азалдан ривожлангани ҳамда хитойликлар ўзбек халқи билан ҳар томонлама ҳамкорликни юксак қадрлаши, эндиликда саноат, савдо-сотиқ, таълим, фан ҳамда бошқа соҳалардаги алоқалар янги поғонага кўтарилишини қайд этди.

1 498
ЎзА