Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

12.09.2018 18:50 Чоп этиш версияси

Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошчилигидаги делегация Германияда

Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошчилигидаги делегация Германияда Айни дамда Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Германияда бўлиб турибди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, бугунги тадбирлар дастурида Берлин шаҳридаги ер ости метрополитени ва унга туташ ҳудудларнинг бўш жойларидан фойдаланиш имкониятлари билан танишиш ҳамда Берлин шаҳри ҳокими M.Mюллер жаноблари билан учрашувлари ўрин олган.

Куннинг иккинчи ярмида Ж.Ортиқхўжаев “Берлиннинг олтин китоби”га ўз фикр-мулоҳазаларини ёзиб қолдириши, шунингдек, Берлин шаҳри ички ишлар ва спорт сенатори билан учрашуви, Кройцберг туманидаги спорт ва фитнес маркази фаолияти билан танишиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, делегация аъзолари кун якунида Тошкент ва Берлин ўртасидаги дўстона алоқаларнинг 25 йиллиги муносабати билан ташкил этиладиган тантанали маросимда иштирок этади.

ЎзА