ЎзА Ўзбек

14.10.2019 Чоп этиш версияси

“Жаҳон жангчиси” мусобақаси энг маҳоратли ҳарбийларни саралади

“Жаҳон жангчиси” мусобақаси энг маҳоратли ҳарбийларни саралади

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясига қарашли дала-ўқув майдонида “Жаҳон жангчиси” халқаро мусобақасининг Мудофаа вазирлиги миқёсидаги саралаш босқичи ўтказилди.

Вазирлик тасарруфидаги барча ҳарбий округлар ҳамда ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари, олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари қатнашган беллашувда жамоалар бешта шарт асосида баҳслашди. 

Дастлаб “Атлет” деб номланган мажмуавий ҳарбий-спорт машқлари шартида ҳарбий хизматчилар турли жисмоний тайёргарлик юкламаларини бажарди. 600 граммлик гранатани 4 метрдан 10 метргача бўлган коридор ичига улоқтириш учун ҳар бир иштирокчига уч уриниш имконияти берилди. Бу шартни аёллар қуролсиз, эркаклар бир қўлида қурол тутган ҳолда бажарди. Кўпкураш баҳслари 100 метрга югуриш меъёрлари билан давом этди. Сўнг турникда тортилиш (эркаклар учун), тепага қараб ётган ҳолда, икки қўлни бош орқасига қўйиб букилиш, ерга таянган ҳолатда қўлни букиб-ёзиш (аёллар учун) меъёрлари муваффақиятли адо этилди.

photo_2019-10-14_15-02-01.jpg

“Профессионал” номли ҳарбий-касбий тайёргарлик шартида ҳарбий хизматчилар қисқа вақтда жанговар қуролни қисмларга ажратиб, қайта йиғгач, махсус тўсиқлардан ўтишди.

“Снайпер” деб номланган шартда отиш тайёргарлиги бўйича мерганлик маҳорати намойиш этилди. Унда жамоаларнинг 100 метрлик масофадаги нишонга АК-74 автоматидан ўқ узиш бўйича амалий кўникмалари синовдан ўтказилди.

photo_2019-10-14_15-01-59.jpg

Катта саҳна ҳаяжони қўлига микрофон тутган ва чор тарафдан чироқлар ёғдуси кўзни қамаштирган ҳар қандай инсон қалбини чулғаб олиши тайин. Шундай бўлса-да, бу ҳаяжон ўрнини адабий-бадиий, ижодий-мусиқий чиқишларни ҳакамлар ҳайъати ва томошабинлар эътиборига тўлақонли ҳавола этиш масъулияти эгаллайди. Бетакрор куй-қўшиқлар, дилтортар рақслар, шеъру ашъорларда ҳарбий- ватанпарварлик, она юртга садоқат туйғулари баланд пардаларда тараннум этилди.

photo_2019-10-14_15-02-00.jpg

Охирги босқич – “Эрудит” интеллектуал баҳсида иштирокчиларнинг назарий билимлари 20 саволдан иборат тест синовлари орқали аниқланди. Юқори малакали мутахассислар томонидан тузилган саволлар ҳар бир “Жаҳон жангчиси” билиши лозим бўлган мавзуларни ўз ичига олди. Ҳар бир тўғри жавоб 5 балл билан баҳоланган мазкур синов учун 25 дақиқа вақт ажратилди.

Якуний натижаларга кўра, ғолиб жамоалар кубок, медаль, диплом ва пул мукофотлари билан рағбатлантирилди.

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
Мудофаа вазирлиги 
Ахборот ва оммавий коммуникациялар
департаменти ходими.

863
ЎзА