ЎзА Ўзбек

19.10.2018 Чоп этиш версияси

Жаҳон олқишлаган ноёб тафаккур соҳиби

Жаҳон олқишлаган ноёб тафаккур соҳиби
Ҳар бир инсон қалбидаги эзгу орзулар улуғ мақсадлар сари бошлайди. Айниқса, болаликнинг беғубор дамларидаги беадоқ хайрли ниятлар узлуксиз тарбия билан тартибли йўналиш олиб, бир-биридан юксак поғоналарни забт этишга чорлайди. 

Юртимизда тафаккуру мушоҳадага етакловчи ақл гимнастикаси саналган шахматни ривожлантиришга, оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу спорт турига кўнгил қўйган ўғил-қизларимиз дунё шахмат усталарини лол қолдираётгани бу соҳага берилаётган эътибор самарасидир. 

Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган “First Saturday GM” халқаро турнирида иқтидорли шахматчимиз Жавоҳир Синдаров муваффақиятли иштирок этиб, учинчи гроссмейстерлик талабини бажарди ва 12 ёшида жаҳоннинг энг ёш халқаро гроссмейстерига айланди. 

photo5353060931099273821.jpg

Бундан бир йил олдин Жавоҳир халқаро шахмат устаси унвонига сазовор бўлиб, Президентимизнинг қимматли совғасини қўлга киритганди. 

Ўтган бир йилда Жавоҳир ўз устида тинимсиз ишлаб, жорий йил июнь ойида “Воронеж опен-2018” халқаро мусобақасида биринчи, сентябрь ойида Туркияда ўтказилган 20 ёшгача ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иккинчи гроссмейстерлик талабини бажарди. 

Шуниси қувонарлики, Жавоҳир 12 ёш 10 ой 8 кунлигида гроссмейстерлик унвонини қўлга киритиб, жаҳон шахмат тарихида С.Корякиндан (12 ёшу 7 ой) кейин иккинчи, шахмат ватани бўлмиш Осиёда эса биринчи – энг ёш шахматчи сифатида ўз номини солномаларга муҳрлаб қўйди. 

photo5353060931099273822 (1).jpg

Шу ўринда айнан Осий қитъасида, хусусан, Ўзбекистонда шахмат йилдан-йил “яшараётгани”ни таъкидлаш лозим. Ўтган йили яна бир умидли шахматчимиз Нодирбек Абдусаттаров 13 ёшу 1 ойда гроссмейстерлик мақомига эришиб, юртимиз довруғини оламга ёйганди. 2018 йил июнь ойида эса ҳиндистонлик ёш шахматчи Рамешбабу Прагнанандҳа 12 ёш 10 ой 13 кунлигида шундай унвонга сазовор бўлиб, Нодирбекнинг “рекорди”ни янгилади. Жавоҳир эса ҳинд тенгдошини 5 кунга ортда қолдириб, жаҳоннинг энг ёш халқаро гроссмейстери деган шарафли номни яна Ўзбекистонга қайтарди. 

Эслатиб ўтамиз, бу юксак унвонга шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен 13, жаҳон чемпионлари – Роберт Фишер 15, Владимир Крамник 16, Гарри Каспаров 17, Анатолий Карпов, Вишванатан Ананд 19, Михаил Таль 21, Тигран Петросян 23, Василий Смислов 29, Михаил Ботвинник 39 ёшида сазовор бўлган.
  
photo5353060931099273823.jpg

Энг ёш шахматчилар рўйхатидаги юқори поғонада юртимизнинг икки вундеркинди – Жавоҳир ва Нодирбек тургани ҳаммамизга фахр бағишлаши билан бирга, яқин йилларда жаҳон шахмат тожининг яна юртимизга қайтишига умид уйғотади. 

Жавоҳирнинг жаҳон шахмат аренасида қўлга киритган бу оламшумул ғалабаси барча юртдошларимизни хушнуд қилгани бор гап. 

Жавоҳир Синдаров юртимизда катта ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олинди. Кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашувда Шавкат Мирзиёевнинг жаҳоннинг энг ёш халқаро гроссмейстери Жавоҳир Синдаровга йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов ўқиб эшиттирди. 

Табрикномадаги бундай ҳароратли сўзлар ҳаяжонни орттиради. 

“Бундай улкан эътироф юртимиз ёшларининг барча соҳаларда, жумладан, ақл-заковат мусобақаси бўлган шахмат бўйича ҳам катта марраларни забт этишга қодир эканини яна бир бор яққол намоён этмоқда. 

photo5353060931099273825.jpg

Айни вақтда бу тарихий воқеа ўзининг буюк илмий кашфиётлари, маънавий-интеллектуал салоҳияти ва тафаккури билан дунёни ҳайратга солган улуғ алломаларимизнинг муносиб вакиллари юртимиздан етишиб чиқаётганини кўрсатади”. 

Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев эса Сергели тумани, Чорбоғ маҳалласидаги 102-уйнинг 3 хонали 27-хонадони калитини тантанали равишда топширди. 

– Бундай эътибор кўнглимни тоғдек кўтарди. Президентимизга ўз ташаккуримни билдираман. Табрик мени янада руҳлантириб, бундан-да юксак натижаларни қўлга киритишимда куч беради, – дейди Жавоҳир Синдаров. – Ютуқларга эришишимда устозларим Сабоҳат ва Сирожиддин Зайниддиновлар, Акром Тошхўжаев, Бобур Сатторов ва халқаро гроссмейстер Марат Жумаевнинг сабоқлари, ота-онам, яқинларим, айниқса, бобом Комил Синдаров, маънавий устозларим Бакриддин Зарипов, Муртазо Раҳматовнинг дастаклари, юртимизда спортни ривожлантириш учун яратилган шарт-шароит, яна айтаман, Президентимизнинг шахматга эътибори асосий омил бўлди. 

Сўзни табрикдаги қуйидаги сатрлар билан якунлашни жоиз топдик: “Ишончим комил, сен эришган бу юксак натижа минг-минглаб ўғил-қизларимизни маррани доимо баланд олиб, ўз кучи, билими ва истеъдодига ишониб, турли соҳаларда катта ғалабаларни қўлга киритишга интилиб яшашга руҳлантиради”. 

7 288
Ғ.Ширинов, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА