ЎзА Ўзбек

20.04.2018 14:55:09 Чоп этиш версияси

Жаҳон бозорига янги туҳфа

Узум нафақат мазали, балки фойдали А, С, В6 витаминларига бой мевадир. Унда калий, кальций, темир, фосфор, магний ва селен моддалари кўп. Ушбу фойдали бирикмалар юракка қувват бўлиб, иммунитетни мустаҳкамлайди. Данагидаги А ва Е витаминлари организмни ёшартиради. Пўсти билан истеъмол қилинса, ичакларда тиқин ҳосил бўлишининг олди олинади. Узум иштаҳани яхшилайди. Уйқусизликка даво...

Шифобахш хусусиятга эга, минг дардга даво бўлган ушбу мева юртимиз иқлим шароитида яхши ҳосил беради. Яқин келажакда Хатирчи узумлари, Учқора майизлари жаҳон бозорларини ҳам эгалласа ажабмас. Ана шундай эзгу ниятда Навоий вилоятининг Хатирчи туманида узумчиликни ривожлантириш борасида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Тадбиркор ва фермерлар томонидан Учқора, Кўксарой, Олтинобод ҳамда Уйшун маҳаллаларида 180 гектардан зиёд майдонга маҳаллий иқлимга мос, серҳосил узум кўчатлари ўтқазилди.

Ўзбекистон ёш фермерлари кенгаши матбуот хизматининг хабар беришича, умумий қиймати 2 миллиард 300 миллион сўмлик мазкур лойиҳалар амалга оширилгач, қарийб юз нафар фуқаро иш билан таъминланади.

– Тасарруфимизда 450 гектар ёнғоқзор ҳам мавжуд, – дейди лойиҳа иштирокчиси, “Asya Sera Navoi” қўшма корхонаси раҳбари А.Нурмаматов. – 10 гектар майдонда иссиқхона ташкил этганмиз. У ерда банан, қулупнай, бодринг, помидор етиштирилади. Яқин келажакда токзорнинг бир қисмига интенсив узум кўчатлари ўтқазиш ниятидамиз. Асосий мақсадимиз ҳудудимиздан олинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари ҳосилдорлигини ва экспортга йўналтирилаётган ҳажмини оширишдан иборатдир.

Хатирчида етиштирилган узум ҳамда майиз азал-азалдан эътироф этиб келинган. Туманда олиб борилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар ҳудудда узумчиликни ривожлантириш билан бирга экспорт имкониятлари ошишини ҳам таъминлайди.