ЎзА Ўзбек

14.01.2020 Чоп этиш версияси

Жаҳон банки Фарғона водийсида инновацион фаолиятни қўллаб-қувватламоқда

Жаҳон банки Фарғона водийсида инновацион фаолиятни қўллаб-қувватламоқда

Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган ташаббускорлар иштирокида бизнес форум бўлиб ўтди.

Унда Инновацион ривожланиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари ҳокимликлари вакиллари, тадбиркорлар қатнашди.

Бизнес форумда Фарғона водийсида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик кенг ривожлантирилаётгани, бу жараёнга Жаҳон банкининг имтиёзли кредитлари ажратилгани ва ушбу маблағларни ўзлаштириш юзасидан ҳудуд тадбиркорларига батафсил маълумотлар берилди.

Тадбирда Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Шароф Ражаббаев Жаҳон банки Инновацион ривожланиш вазирлигига икки йўналишда молиявий кўмак ажратганини маълум қилди.

Хусусан, “Мураббийлик ва бизнес инкубация” компоненти бўйича хорижий экспертларни жалб қилиш орқали инновацион фаолият ривожлантирилади ва технологиялар трансфери амалга оширилади. Шунингдек, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ҳудудий инновация марказлари ходимлари чет элга стажировкаларга юборилади. Инновацион лойиҳаларни молиялаштириш, стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали инновацион тадбиркорлик ривожлантирилади.

photo5255796835426085935.jpg

“Қишлоқ хўжалиги бўйича инновацион ғояларни молиялаштириш” йўналишида инновацион ишланмаларни тижоратлаштиришни амалга оширувчи тадбиркорларга молиявий кўмак бериш назарда тутилган. Бунда технологиялар трансферини амалга оширувчи инновацион тадбиркорлик ҳам қўллаб-қувватланади.

Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Жаҳон банки томонидан Фарғона водийсида инновацион инфратузилмани ривожлантириш ва бу орқали ҳудудларнинг инновацион салоҳиятини ошириш лойиҳанинг асосий мақсади эканини алоҳида таъкидлади.

Жаҳон банки Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган инновацион инфратузилма объектларини ривожлантириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий лаборатория ускуналари билан таъминлаш учун 3 миллион АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари ажратган.

Бундан ташқари, ушбу йўналишда вазирлик томонидан мунтазам равишда семинар-тренинглар, инновацион тадбиркорликни шакллантиришга қаратилган маслаҳат курслари, хусусан, хорижий экспертларни жалб этган ҳолда амалга ошириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Жаҳон банки ҳудудларда инновацион тадбиркорликни ривожлантириш, ҳудудларнинг турли соҳа ва йўналишларига инновацион ишланмалар, лойиҳаларни жорий этишни кучайтириш мақсадида 5 миллион доллар имтиёзли кредит маблағларини йўналтирилгани маълум қилинди.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш натижасида қишлоқ хўжалиги соҳасининг рақобатдошлигини ошириш, учувчисиз технологиялар ва жараёнларни роботлаштириш, юқори ҳосилдорлик берувчи илғор агротехнологияларни жорий этиш режалаштирилаётгани алоҳида қайд этилди.

1 919
ЎзА