ЎзА Ўзбек

13.08.2018 15:35 Чоп этиш версияси

Ўзгариш ва янгиланишлар ижодкор нигоҳида

Хоразмда “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мустақиллигимизнинг 27 йиллигига бағишлаб “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилган танловнинг Хоразм вилояти босқичида бешта номинация бўйича 100 дан ортиқ ижодий иш тақдим этилди.

Ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари номинациясида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Исмоил Оллаберганов, босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг журналистик ишлари йўналишида “Боғот садоси” газетаси бош муҳаррири Шерзодхўжа Усмонхўжаев, теле-радио ижодкорларининг энг сара материаллари йўналишида вилоят телерадиокомпанияси сухандони Юлдузхон Раҳимова, тасвирий санъат, фото асарлар ва дизайн ишлари номинациясида рассом Солий Қодиров, кино санъати бўйича режиссёр Шерзод Ражабов ғолиб, деб топилди.

– Ижодий жамоамиз йил давомида мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тингловчиларга содда, халқчил тилда етказишга ҳаракат қилди, – дейди “Хоразм” радиоси муҳаррири Суҳбат Маткаримов. – Шундай нуфузли танловда ғолиблар қаторидан ўрин олганимдан хурсандман. Албатта, бу зиммамдаги масъулиятни яна икки карра оширишини яхши тушунаман. юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида тингловчиларни ўз вақтида ва кенг хабардор этиб боришда куч-ғайратимизни янада сафарбар қилаверамиз.

Урганч шаҳридаги Ёшлар маркази биносида бўлиб ўтган тадбир доирасида вилоятда ижод қилаётган тасвирий ва фото санъати усталарининг кўргазмаси ҳамда китоб ярмаркаси ташкил этилди.

Ғолиб ва совриндорлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

А.Шокиров, ЎзА
5 686