ЎзА Ўзбек

11.08.2014 16:21:17 Чоп этиш версияси

Ўзга юртдан бахт излама

Турғун – қўли гул йигит. Сувоқчилик ва таъмирлаш ишларида унга бас келиш қийин. Топиш-тутуши ҳам ёмон эмас, гулдай оиласи, ширин-шакар фарзандлари бор. Лекин... Танишлари уни бу ҳунари билан чет элда катта пул топиш мумкин, деб қизиқтириб қўйди. Аёли билан маслаҳатлашиб, хорижга бирга борадиган бўлди. Уч фарзандини ота-онасига қолдирди. Бир-икки ой ишлаб, пул жўнатишди ҳам. Афсуски, кунларнинг бирида...

Турғун ва Обиданинг жасадини келтиришганда, уларни юзидан таниб бўлмасди.

Ўткинчи хомхаёл, бемаъни орзу-ҳавас қурбонига айланган бундай инсонлар ҳақида эшитганингда, ачинасан, киши. Афсуски, бировларнинг ёлғон ваъдасига учиб, қуллик балосига мубтало бўлаётганлар, кам бўлса-да, ҳамон учраб турибди.

Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг асосини ташкил этади. Бинобарин, юртимизда бу жиноятга қарши курашиш ва унинг олдини олишга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган.

Тинчлик ва тараққиётга жиддий хавф туғдираётган трансмиллий жиноятчилик – одам савдосига қарши курашиш алоҳида эътиборда. Мамлакатимизда бундай жиноятларнинг олдини олиш, унга қарши курашиш, жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга энг долзарб вазифалардан бири сифатида қаралади. Бу масалага кенг жамоатчилик эътибори жалб қилиниб, бундай жиноятлардан аҳоли, айниқса, ёшларни огоҳ этиш мақсадида барча таъсирчан воситалардан унумли фойдаланилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2008 йил 8 июлда қабул қилинган “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлаётир.

Юртбошимиз раҳнамолигида миграция жараёни ва ноқонуний меҳнат миграцияси келтириб чиқарадиган салбий оқибатларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ташқи миграция агентлиги, Чет элга кетаётган фуқароларни жўнаб кетишдан олдинги мослаштириш ва ўқитиш марказлари фаолият кўрсатмоқда.

Фарғона вилоятида ҳам фуқароларнинг чет элда ишлашга оид ҳақ-ҳуқуқларини тушунтириш, хорижга чиқишнинг қонуний йўлларини кўрсатиш ва ноқонуний миграция оқибатларидан огоҳ этиш, одам савдосига оид халқаро ва миллий қонунчилик меъёрларини аҳолига етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни айниқса муҳим. Зеро, аҳолининг мақсад ва интишларини тўғри йўналтириш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, турли ёт оқим ва ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишда маҳалланинг кучи самарали ва кенг қамровлидир.

Маҳаллада барча бир-бирини яхши танийди, оилавий аҳволидан хабардор. Бинобарин, узоқ муддат уйида яшамаётганлар, ноқонуний меҳнат мигрантлари ҳақида ҳам, аввало, ушбу тузилмада етарлича маълумот тўпланади. Шундай экан, бундай ҳолатларнинг олдини олиш, юртдошларимизни сарсон-саргардонликдан асраш, мамлакатимизда яратилаётган қулай шароит ва имкониятлар хусусида тушунча беришда ҳам фуқаролар йиғинларининг таъсирчан тарғиботи ниҳоятда қўл келади.

– Шаҳар ва туманларда ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш борасида маҳалла ва ҳамкор ташкилотлар томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти бўлими раиси Акромжон Йўлбарсов. – Бугунги кунда яшаш жойидан узоқ муддатга чиқиб кетган шахсларнинг рўйхати шакллантирилиб, уларнинг ҳар бири учун масъуллар бириктирилган. Жойларда ташкил этилаётган турли учрашув ва тадбирлар одам савдосига қарши курашишда самарали бўлмоқда.

Вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси қошида ташкил этилган “Вилоят меҳнат мигрантларини мониторинг қилиш маркази” ҳам бу борада самарали чора-тадбирлардан кенг фойдаланмоқда. Замонавий техникалар ва ишонч телефони, одам савдосининг олдини олишга қаратилган кўргазма ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланган марказда фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш учун барча шароит яратилган.

– Маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилаётган учрашув ва давра суҳбатларида мигрантларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, оғир юқумли касалликлар ва ёт ғоялардан сақланиш йўллари ҳақида батафсил маълумотлар берилмоқда, – дейди вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи Дилмурод Усмонов. – Хориждан қайтиб келган фуқаролар ўзлари истиқомат қиладиган ҳудудларда ишга жойлаштирилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркасида 4 минг 714 корхона ва ташкилот 30 мингга яқин бўш иш ўрни билан иштирок этди. 3 минг 68 нафар киши ишга жойлашишга йўлланма олди. Шунингдек, касбга ўқитиш ва қайта тайёрлаш, ҳақ тўланадиган жамоат ишлари, меҳнат қонунчилигига оид маслаҳатлар берилди. Айни пайтда чет давлатларга ишлаш учун чиқиб кетган ҳамда қайтиб келганларнинг аниқ ҳисобини юритиш дастури ишлаб чиқилмоқда.