ЎзА Ўзбек

17.09.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекистоннинг яна бир маҳсулоти учун Хитой бозорлари очилди

Ўзбекистоннинг яна бир маҳсулоти учун Хитой бозорлари очилди

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар тобора яхшиланмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантин давлат инспекцияси ва Хитой карантин хизмати ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатилган. Натижада Чин ўлкаси бозорларига гилос, анор, қовун, мош, ерёнғоқ, аччиқ қалампир каби юртимизда етиштирилган мева-сабзавотлар кириб бораяпти.

Тадбиркорлар учун янада қулайлик ва енгилликлар яратилгани боис 2019 йилдан буён ушбу маҳсулотлар Хитой давлатига автотранспортда Қозоғистон ҳамда Қирғизистон давлатлари ҳудудидан транзит орқали етказиб берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг ахборот хизматидан маълум қилишларича, Хитой Халқ Республикаси Бош божхона маъмурияти ўртасида Ўзбекистондан Хитойга яна бир маҳсулот – қуритилган аччиқ қалампирни экспорт қилиш бўйича келишув имзоланди.

Унга кўра, ушбу маҳсулотни экспорт қиладиган корхоналар инспекция шакллантирган ва Хитой карантин хизмати тасдиқлаган реестрга киритилган бўлиши лозим.

Бунда, экспортёрлар қуритилган аччиқ қалампирни экспорт қилишда қуйидаги талабларни бажаришлари муҳим. Хитой карантин хизматига тақдим қилиш учун маҳсулот қуритиш жараёнини фото-лавҳалар асосида аниқ кўрсатилиши, корхона фақатгина Хитойга қуритилган аччиқ қалампир экспорти учун мўлжалланган омборхонасига эга бўлиши, омборхона ва маҳсулот гигиеник тозалигини тасдиқловчи Ўзбекистон Санитария хизмати берадиган ҳужжатнинг мавжуд бўлиши шулар сирасидандир.

Шунингдек, омборхонада ярим йилда камида бир маротаба зарарли организмларга қарши зарарсизлантириш ишлари амалга оширилиши, Хитойга экспорт қилинадиган қуритилган аччиқ қалампир тоза, гигиеник, ҳаво ўтказадиган ва янги қадоқлаш материаллари билан қадоқланиши, маҳсулот тирик ҳашаротлар, тупроқ, бегона ўт уруғлар, ўсимлик қолдиқлари, қум ва шағалдан холи бўлиши керак.

Қайд этиш лозимки, қайта ишлаш корхоналари ва омборхоналарни «Ўздавкарантин» инспекцияси рўйхатдан ўтказилади ва Хитой томонидан ушбу рўйхат тасдиқланиши учун тавсия этилади.

Эслатиб ўтамиз, янги, яъни хўл аччиқ қалампирни Хитойга экспорт қилиш учун 2019 йилда рухсат олинган эди.

Экспортдан олдин «Ўздавкарантин» инспекцияси мутахассислари Хитойга экспорт қилинадиган қуритилган аччиқ қалампир маҳсулотларини текширади ва карантин назоратидан ўтказилади. Агар маҳсулотда карантин зараркунанда организми аниқланса, юк Хитойга экспорт қилинмайди.

«Ўздавкарантин» инспекцияси тадбиркорлар белгиланган талабларга риоя этмаса, маҳсулотлар чегара назорат пунктларидан қайтарилиши, пировардида экспортга очилган бозорларга кириш имконияти камайишини маълум қилмоқда. Бу каби талаб ва назоратнинг кучайтирилиши хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, мамлакатимиз имиджини кўтариш ва инвестиция ҳажмини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли.

3 905
ЎзА