ЎзА Ўзбек

16.08.2018 15:36 Чоп этиш версияси

Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан мустаҳкам ҳамкорлик сиёсати таҳсинга сазовор

Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан мустаҳкам ҳамкорлик сиёсати таҳсинга сазовор
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган очиқлик ва қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш сиёсати жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Бундай оқилона сиёсат, айниқса, ишбилармонларни беэътибор қолдирмаяпти. Шу боис, бугун юртингизга келувчи хорижий инвесторлар сафи кенгаймоқда. Ўзбекистонда 10 йилдан буён фаолият юритаман. Самарқанд, Бухоро ва Тошкент вилоятларига Эрон Ислом Республикасининг “Behin machine“ компаниясида ишлаб чиқарилган темир эритиш ускуналари ўрнатиш ишларида мазкур компания вакили сифатида иш олиб бордим.

Ўтган йили маҳаллий тадбиркорлар билан Зарафшон шаҳрида алоҳида корхона ташкил этишни режалаштирдик. Шу тариқа арматура ишлаб чиқариш йўналишида “Behin form metal“ МЧЖ фаолияти йўлга қўйилди. Жорий йилдан иш бошлаган корхонамиз учун “ноль“ қийматда бино ажратилиб, қиймати 145 минг АҚШ долларига тенг инвестиция эвазига металлни эритиш ва қуйиш ускуналари келтириб ўрнатдик. Мазкур технологиялар кунига турли диаметрдаги 8 тонна арматура ишлаб чиқариш қувватига эга. Ҳозир корхонамизда 30 нафар ходим фаолият олиб бормоқда. Маҳсулотларимизга талаб кундан-кун ортаётганидан хурсандмиз.

Келгуси режаларимиз катта – қўшимча ускуналар келтириб ўрнатиш ва ишлаб чиқаришни янада кенгайтиришга оид бир қатор лойиҳалар устида ишлаяпмиз. Албатта, ишчи-ходимлар учун шароитлар янада яхшиланади.

Ҳар бир ишбилармон, аввало, қандай қилиб ўз корхонаси даромадини ошириш ҳақида бош қотиради. Бу эса, биринчи навбатда, мамлакат тинчлиги билан бирга, давлат томонидан хусусий бизнесга қаратиладиган эътибор ва рағбатга боғлиқ. Бу борада Ўзбекистонда ҳеч қандай муаммо йўқлиги унинг халқаро ҳамжамиятда ўз ўрни ва нуфузи тобора юксалиб боришига замин яратмоқда.

Беҳзод Асадиён,
инвестор (Эрон Ислом Республикаси)

ЎзА
5 046