Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.09.2017 19:42 Чоп этиш версияси

Ўзбекистоннинг мақсади – дунёда адолат муҳитини яратиш

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқини бутун Ўзбекистон халқи катта қизиқиш ва мамнуният билан кутиб олди.

Зеро, БМТ олий минбаридан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини дунё ҳамжамиятига етказиш катта масъулият ва шарафдир.

Президентимиз ўз нутқида мамлакатимизда шиддат билан олиб борилаётган бунёдкорлик ишларининг туб моҳиятида демократик ва адолатли давлат қуриш ва инсон ҳуқуқларининг ҳамма нарсадан устунлиги ғояси устуворлиги, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси чуқур ўйланган сиёсат эканлигини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқ учун хизмат қилиш керак” ғояси мамлакатимизда Халқ қабулхоналари фаолият юритишига йўл очди. Мазкур институт туфайли қанчадан-қанча фуқароларнинг муаммоларига ечим топилаётгани, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси таъминланаётгани бунинг амалий исботидир.

Айни пайтда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кафолатлайдиган чоралар дастурининг ишлаб чиқилганлиги айни муддаодир. Бугун Ўзбекистонда чиқиш визалари бекор қилинганлиги, инсон ҳуқуқлари билан шуғулланадиган миллий ва нодавлат ташкилотлари билан очиқ мулоқот фаоллашгани, тадбиркорлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бизнес-омбудсман институтининг ташкил этилганлиги инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш реал воқеликка айланганини намоён қилмоқда.

Ўзбекистон ташқи сиёсатда ўз танлаган йўлига содиқ қолиши, БМТнинг глобал шартномаси бўлмиш – Барқарор ривожланиш мақсадларига Ўзбекистоннинг ривожланиш стратегияси ҳамоҳанг эканлиги қайд этилди. Шу билан бир қаторда, БМТнинг босқичма-босқич ислоҳ қилиш ғоясини қўллаб- қувватлаб, хавфсизлик кенгаши таркибини кенгайтириш таклифи билдирилди.

Ўзбекистон ташқи сиёсатининг энг устувор йўналиши Марказий Осиё давлатларидир. “Бизнинг сиёсатимиз, – деб таъкидлади Президентимиз, – рақобат эмас, балки конструктив ҳамкорлик ва яқин қўшничиликдир”.

Бунинг амалий натижасини Президентимизнинг қўшни давлатлар билан дўстона алоқаларни йўлга қўйганида яққол кўриш мумкин. Сўнгги ойларда бу борада ўзаро сиёсий ишонч ошганлиги, савдо-иқтисодий, маданий алоқалар ривожлангани кузатилди.

Бир сўз билан айтганда, Президентимиз Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий параметрларини дунё ҳамжамияти эътиборига ҳавола қилди. Муҳими, бу халқаро ҳамжамият томонидан илиқ кутиб олинди.

Ишончимиз комилки, Ўзбекистоннинг адолатли давлат барпо этишга қаратилган саъй-ҳаракатлари нафақат фуқароларимизнинг манфаатлари таъминланишига, балки минтақада, дунёда адолат муҳити мустаҳкамланишига, дўстона муносабатлар мустаҳкам қарор топишига хизмат қилади.

Лола Саидова,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар
малакасини ошириш маркази кафедра мудири,
юридик фанлари доктори.


3 158






Все о погоде - Pogoda.uz