ЎзА Ўзбек

15.07.2018 17:53 Чоп этиш версияси

Ўзбекистоннинг Инновацион ривожланиш стратегияси халқ муҳокамасида

Ўзбекистоннинг Инновацион ривожланиш стратегияси халқ муҳокамасида
Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталига Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг 2021 йилгача инновацион ривожланиш стратегияси” тўғрисидаги Президент Фармони лойиҳаси умумий муҳокама учун қўйилди. Вазирлик матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, ушбу Фармон лойиҳасининг асосий мақсади – республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигини таъминлашда барча мавжуд имконият ва салоҳиятларимизни чуқур тизимли таҳлил қилган ҳолда иқтисодиётнинг инновацион ривожланиш йўлида илғор хорижий тажрибалар, мамлакатимиз ва жаҳон илм-фанининг замонавий ютуқларини кенг жорий этилишини таъминлашдир.

Шунингдек, халқаро Глобал Инновацион Индекс кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон Республикасини 2030 йилда етакчи 50 та давлатлар қаторига қўшилиши ҳам Инновацион ривожланиш стратегиясининг бош мақсадларидан бири, деб белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, 2015 йили Ўзбекистон саксонга яқин кўрсаткичлар билан баҳоланадиган Глобал Инновацион Индекс кўрсаткичида 122 ўринни эгаллаган, бироқ 2016 ва 2017 йиллар аксарият маълумотларнинг мавжуд эмаслиги боис мамлакатимиз рўйхатга киритилмаган.

Инновация вазирлиги мамлакатимизнинг ҳозирги мавжуд инновацион ривожланиш ҳолатининг таҳлили натижаларини инобатга олган ҳолда, жаҳон саҳнасида рақобатбардошлигини ошириш учун инсон капиталини мамлакатимизнинг инновацион ривожлантиришда энг асосий йўналишлардан бири этиб белгилади. Бу – барча босқичлардаги таълимнинг сифатини ошириш ва қамровини кенгайтириш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда кадрларни тайёрлашдир. Шунингдек, илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, илм-фан, таълим ва бизнеснинг ўзаро боғлиқлигини таъминловчи механизмларни ишлаб чиқилиши талаб этилади.

Инновацияларни молиялаштиришнинг янги шаклларини татбиқ этиш, интеллектуал мулкка эгалик ҳуқуқини мустаҳкамлаш, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари натижаларини молиялаштиришга ҳам мазкур Стратегия лойиҳасида алоҳида эътибор қаратилган.

ЎзА
9 082