ЎзА Ўзбек

08.11.2018 20:22 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонликлар Умра зиёратида

Ўзбекистонликлар Умра зиёратида Юртимиз мустақилликка эришгач, диний қадриятлар тикланди. Соф ислом динига бўлган муносабат, қарашлар ҳам асл ҳолига қайтди. Муқаддас динимизнинг улуғ ибодатлари бўлган Ҳаж ва Умрани фуқароларимиз томонидан адо этиш борасида ҳам йилдан-йилга ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан жорий йилдан эътиборан юртимиздан муборак Умра ибодатларини адо этиш учун борадиган фуқароларимизнинг сони ҳақида чекловлар олиб ташланганлиги, борувчилар энди аввалгидек йилнинг баҳор фаслида ёки Рамазон ойидагина эмас, балки бутун йил давомида адо этишлари белгиланди.

photo5413545791592704296.jpg

Авваллари Муборак сафарга бориш учун йиллар давомида навбатда туриларди. Саудия Арабистонидаги меҳмонхоналардаги шароитлар, автобусларда зиёратчиларни ташиш, қўйингки, муқаддас зиёратларни амалга ошириш учун юртдошларимиз жуда катта қийинчиликларга дуч келар эди. Бугун юртимиздан муборак Умра сафарига борган юртдошларимиз Мадинаи Мунаввара шаҳрида 5 юлдузли “Pullman Zamzam Madina Hotel” меҳмонхонаси ва Маккаи Мукаррама шаҳрида 4 юлдузли “Al Kiswah Hotel Towers” меҳмонхоналарида истиқомат қилмоқда. Зиёратчиларимизга тажрибали ишчи гуруҳи, малакали шифокорлар ҳамда юртимиздан борган моҳир ошпазлар хизмат кўрсатмоқда.

photo5413545791592704310.jpgИлгарилари зиёратчилар ўзлари учун ажратилган соатни кутиб, ошхоналарда навбат билан овқат олишар ва анча қийинчиликларга дуч келар эди.

Ушбу меҳмонхоналар икки Ҳарамга ҳам жуда яқин жойда жойлашган. Зиёратчиларни Ҳарами шарифга олиб бориш учун куну тун энг сўнгги русумдаги микроавтобуслар ташкил қилинганлиги ўз навбатида юртимиздан борган зиёратчиларни беш вақт намозларини Ҳарами шарифда ўқиши учун имкон беради дегани.

Бундан эса зиёратчиларнинг кўнгиллари тўлаётганлигини ҳам кўришимиз мумкин.

Макка шаҳри меҳмонхонасида зиёратчилар икки кишилик хоналарда истиқомат қилмоқда. Авваллари эса меҳмонхоналардан тўрт кишиликдан бошланиб, ўн икки кишилик хоналарда ҳам истиқомат қилишган.

Муборак Умра зиёратига борган юртдошларимиз Макка шаҳридаги меҳмонхонага келганларида уларни Пайғамбаримиз (с.а.в)ни мадҳ этувчи турли хил нашидалар билан кутиб олинаётганлиги, уларнинг пойига гуллар сепилаётганлиги, уларга юксак эътибор ва эҳтиром кўрсатилаётганлигидан киши кўзига ёш келади.

Зеро, Аллоҳ таолонинг байтини зиёратига борган одам Аллоҳнинг меҳмони бўлади. Унинг меҳмонларига эса мана шундай иззат ва ҳурмат кўрсатилиши керак.

Мадинаи Мунавварада юртдошларимиз Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в)нинг Равзаи мутоҳҳараларида зиёрат ва ибодатларда бўлмоқда. Шунингдек, улар Мадинаи Мунавварада Қубо ва Қиблатайн масжидлари, Уҳуд тоғи зиёратларида ҳам бўлмоқда.

Ушбу муқаддас жойларда зиёратчилар Ислом дини тарихидаги ибратли воқеаларни эшитиб, дуолар қилмоқда. Маккаи Мукаррамада эса, оппоқ эҳромлар ила Муборак Умра амалларини бажариб, Муқаддас Каъбаи Муаззамада ибодатларда қоим бўлаётир. Бу муқаддас жойда Раҳмат тоғи (Арофот), Нур тоғидаги Ҳиро ғори, Савр тоғидаги ғор ва динимиз тарихидаги диққатга сазовор бўлган масканларни ҳам зиёрат қилмоқда.

Зиёратчиларимизга кўрсатилаётган юксак эҳтиромдан жуда мамнун эканлигини уларнинг кўзларидан кўришимиз мумкин. Улар доимо ибодатлари, дуоларида Юртбошимиз томонидан амалга оширилаётган бундай ислоҳотлар, кўлга киритилаётган ютуқлар, халқнинг ғамини ҳамма нарсадан устун қўйиши оқибатида Муборак зиёратларнинг мана шундай яхши шароитларда ташкил қилинаётганлигидан хурсанд бўлиб, дуои хайрлар қилмоқда.

Аллоҳ таоло зиёратчиларимизни ибодатларини Ўзи даргоҳида қабул айласин. Юртбошимизни тинч ва саломат қилсин.



Н.Холиқназаров, ЎМИнинг Андижон вилояти вакили,

вилоят бош имом-хатиби



ЎзА
2 912