ЎзА Ўзбек

18.04.2018 18:37 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонлик ёш олимнинг ихтироси Италияда синовдан ўтказилмоқда

Навоий давлат кончилик институтининг энерго-механика факультети ўқитувчиси Жовид Раҳмонов Италиянинг Падуа университетида докторлик диссертациясини онлайн тарзда ҳимоя қилди.

Илм-фан йўлида тинимсиз изланаётган олим 31 ёшида техника фанлари доктори илмий даражасига эришди.

Навоий давлат кончилик институти энерго-механика факультети машинасозлик технологияси кафедраси доценти Ҳ.Аҳмедовнинг таъкидлашича, ҳали ҳеч бир илмий иш бундай яхши натижага эришмаган экан.

Тошкент давлат техника университетида таҳсил олиб юрган кезларидаёқ, юксак марраларни кўзлаган йигитнинг орзулари рўёбга чиқа бошлади. Жумладан, унинг Беруний номидаги давлат стипендиясига сазовор бўлиши муваффақиятлари дебочаси эди. Кейинчалик Япониянинг Сумитомо корпорацияси стипендиясини ҳам қўлга киритди. 2010 йилда университетнинг механика-машинасозлик факультетини битирган Жовид магистратура йўналишига имтиёзли қабул қилинди. Изланувчан йигит билимларини мустаҳкамлаш мақсадида олти ой Берлин техника университетида ҳам таҳсил олишга улгурди. 2012 йилда эса меҳнат фаолиятини бошлади.

Ёш олим фақат амалий жараёнгина назарий билимларни қай даражада ўзлаштирганимизни кўрсатиб беради, деб билади. Дастлаб у фаолиятини пойтахтимиздаги “GM Powertrain Uzbekistan” корхонасининг қуймакорлик бўлимида сифат бўйича муҳандисликдан бошлади. Айнан мана шу даврдаги иш жараёни илмий изланишларини янада мустаҳкамлади, янги ғоялар сари илҳомлантирди.

Ўз тажрибасини ошириш билан бирга, соҳага оид дунё янгиликларидан ҳам мунтазам хабардор бўлиб борган изланувчан муҳандис 2014 йилда Европа Иттифоқининг “Erasmus Mundus” номли дастури гранти соҳибига айланди ва Италиядаги нуфузли ўқув даргоҳларидан бири – Падуа университети докторантурасига қабул қилинди. Таълим олиш мобайнида Лондон, Мадрид, Венеция каби шаҳарларда ўтган конференцияларда иштирок этди, хорижий журналларда илмий мақолалари чоп этилди. Ёш олим хориждаги таҳсил жараёни ҳақида сўзлар экан, металлшунослик соҳасида эришилган ютуқларни жамлаган ўз илмий иши ҳақида ҳам тўхталди.

– Италия саноатида автомобилсозлик етакчи ўринни эгаллайди. Одатда, машина, самолёт каби техникаларнинг двигатели чўян, пўлат ва бошқа металлар асосидаги қотишмалардан тайёрланади. Уларни ўт олдириш учун кўп вақт ва ёнилғи талаб этилади. Мен ҳимоя қилган илмий тадқиқотда оғир металлар ўрнига алюминий қотишмаларига нисбатан юқори мустаҳкамликка эга янги элементдан фойдаланиш ғояси илгари сурилган. Бундай енгил материалларнинг техникада қўлланилиши ёнилғи кам сарф бўлишини таъминлайди ва натижада атроф-муҳитга чиқаётган зарарли моддалар миқдори камаяди. Янги қотишмадан тайёрланган деталлар турли иш жараёнларида юқори ҳароратга бардош бера олади ва ўзининг механик хусусиятларини йўқотмайди. Бу тажриба айни пайтда Италиянинг дунёга машҳур "Fiat" автомобиллари учун зарурий деталлар тайёрлаб берадиган “Teksid” корхонасида синовдан ўтмоқда. Унинг муваффақиятли якун топишига ишонаман.

Мазкур илмий янгиликнинг яна бир ютуғи ҳақида ёш олимнинг устози Ҳ.Аҳмедов шундай дейди:
– Бирламчи, яъни соф алюминий бизда ишлаб чиқарилмайди. Мамлакатимизда бу элементдан тайёрланган деталлар асосан иккиламчи алюминий ва унинг қотишмаларини қайта эритиш орқали олинади. Содда қилиб айтганда, уларнинг ҳаммаси ҳар йили йиғиб олинадиган миллионлаб тонна металл чиқиндилари маҳсули. Кўриб турганингиздек, азалий физик қонунлардан бири – бор нарса ҳеч қачон йўқолиб кетмаслиги, бошқа кўринишда намоён бўлишининг исботи бу. Бундан ташқари, Жовиднинг иккиламчи алюминий қотишмалари устида олиб борган илмий изланишлари иқтисодиётимизга келтирадиган наф ҳам юқори.

Жовид илгари сураётган инновацион ғоялар яқин келажакда янада мустаҳкам асосга эга бўлиб, амалда кенг оммалашишига ишонамиз.

Н.Раҳимов, ЎзА
6 746